add

Ёнғин содир бўлганда нима қилиш керак? Асосий қоидалар ва тавсиялар

Bugun 18:054 daqiqa

Яқинда Яшнободдаги савдо мажмуасида содир бўлган йирик ёнғин 3 яшар қизчанинг ҳаётига зомин бўлган эди. Бу каби ҳолатлар хавфсизлик қоидаларини билиш ва уларга амал қилиш ҳар бир инсон учун нақадар муҳимлигини яна бир бор кўрсатди. Шу муносабат билан, Vaqt.uz ёнғин содир бўлганда тўғри ҳаракат қилиш тартиби ҳамда асосий хавфсизлик тавсияларини бир жойга жамлади.

Ёнғин содир бўлганда нима қилиш керак? Асосий қоидалар ва тавсиялар

Ёнғин — энг тез тарқаладиган ва энг хавфли фавқулодда ҳодисалардан бири бўлиб, у сониялар ичида нафақат катта моддий зарар етказиши, балки инсон ҳаётига ҳам жиддий таҳдид солиши мумкин. Сўнгги пайтларда кузатилаётган ёнғин фожиалари кўплаб ҳолатларда бундай ҳодисаларнинг асосий сабаби бепарволик, хавфсизлик қоидаларига амал қилинмаслиги ва техник носозликлар билан боғлиқлигини кўрсатмоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, ёнғинларнинг катта қисмини оддий профилактика чораларига риоя қилиш орқали олдини олиш мумкин. Электр жиҳозларидан тўғри фойдаланиш, эвакуация йўлларини олдиндан билиш ҳамда фавқулодда вазиятда тўғри ҳаракат қилиш кўникмаси кўплаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолишда ҳал қилувчи омил ҳисобланади.

Жамоат жойларида олдиндан эътибор берилиши керак бўлган жиҳатлар

Савдо марказлари, кинотеатрлар, ресторанлар ва бошқа гавжум жойларга кирганда, энг аввало, эвакуация чиқишлари қаерда жойлашганига эътибор бериш одатга айланиши керак. Кўпчилик ташриф буюрувчилар фақат дўконлар ёки хизматларга эътибор қаратади, аммо фавқулодда вазиятда чиқиш йўлларини билиш қимматли вақтни тежайди ва хавфсиз чиқиб кетиш имкониятини оширади. Айниқса, болалар билан келган фуқаролар уларга ҳам чиқиш йўлларини кўрсатиб қўйиши тавсия этилади.

Ёнғин содир бўлганда умумий ҳаракатлар

Ёнғин пайтида энг муҳим қоида — ваҳимага берилмаслик ва тез, лекин тартибли ҳаракат қилишдир. Аввало атрофдагиларни огоҳлантириш, энг яқин эвакуация чиқишига йўналиш ва ёрдамга муҳтож инсонларга кўмаклашиш зарур.

Қуйидаги асосий қоидаларга амал қилиш тавсия этилади:

— оғиз ва бурунни мато билан, имкон бўлса нам мато билан ёпиш;

— тутун кўп жойларда паст эгилиб ёки эмаклаб ҳаракатланиш;

— лифтдан фойдаланмаслик, зинапоя орқали тушиш;

— ёнғин кучаймаслиги учун эшик ва деразаларни имкон қадар ёпиқ тутиш;

— ёнувчан суюқликлар ёки электр жиҳозларини сув билан ўчирмаслик;

— шахсий буюмларни йиғишга вақт сарфламасдан, имкон қадар тезроқ бинони тарк этиш.

Эвакуация қилингандан сўнг эса бинога қайтиб кирмаслик ва ичкарида қолган одамлар ҳақида қутқарувчиларга аниқ маълумот бериш муҳим.

Ўт ўчирувчиларга хабар бериш тартиби

Фавқулодда хизматларга мурожаат қилиш ҳам тўғри ташкил этилиши керак. 101 ёки 112 рақамига қўнғироқ қилганда қуйидаги маълумотларни аниқ етказиш зарур:

— ёнғин чиққан манзил;

— ёнғин содир бўлган объект тури (уй, савдо маркази, автомобиль ва бошқалар);

— ёнаётган буюм ёки ҳудуд;

— зарур бўлса, қават, кириш йўли ва қўшимча тафсилотлар;

— фамилия ва телефон рақами.

Маълумотларни аниқ ва хотиржам тарзда етказиш қутқарувчиларнинг тезроқ етиб келишига ёрдам беради.

Бино ичида ёки гавжум жойда ёнғин чиқса

Хона ичида ёки жамоат жойларида ёнғин содир бўлганда, агар аланга кичик бўлса, уни ўт ўчиргич, қум ёки зич мато ёрдамида бартараф этишга ҳаракат қилиш мумкин. Электр симлари билан боғлиқ ёнғинларда аввало электр таъминотини узиш зарур. Газ жиҳозлари мавжуд бўлса, газни ҳам дарҳол ўчириш лозим.

Эвакуация вақтида қуйидаги қоидаларга амал қилиш тавсия этилади:

— қўшни хонадагиларни ва атрофдагиларни огоҳлантириш;

— болалар, кексалар ва имконияти чекланган шахсларга ёрдам бериш;

— чиқиш йўллари тутун билан тўлса, пастга эгилиб ёки эмаклаб ҳаракатланиш;

— зинапоя орқали чиқиш имкони бўлмаса, эшик тирқишларини нам мато билан беркитиб, ёрдам келишини кутиш;

— ёнғин шамол таъсирида кучаймаслиги учун эшик ва деразаларни имкон қадар ёпиқ тутиш.

Эвакуация қилингандан сўнг эса бинога қайтиб кирмаслик ва ичкарида қолган одамлар ҳақида қутқарувчиларга аниқ маълумот бериш зарур.

Автомобиль ёки жамоат транспортида ёнғин чиқса

Транспорт воситаларида ёнғин содир бўлганда тезкор ҳаракат қилиш жуда муҳим. Бундай вазиятда:

— ҳайдовчини дарҳол огоҳлантириш;

— транспортни тўхтатиб, двигателни ўчириш;

— йўловчиларни тартиб билан ташқарига чиқариш;

— имкон бўлса, ўт ўчиргич, қум ёки сув ёрдамида ёнғинни бартараф этишга ҳаракат қилиш;

— ёнғин кучайса, портлаш хавфи сабаб транспортдан узоқлашиш керак.

Агар машина капотида ёнғин чиққан бўлса, уни ўт ўчиргичсиз очмаслик зарур, чунки ҳаво оқими алангани кучайтириши мумкин.

Ўрмон ёки очиқ ҳудудларда ёнғин чиқса

Дашт ёки ўрмон ҳудудларида ёнғин содир бўлганда алангани тупроқ, қум ёки дарахт шохлари билан бостириш мумкин. Агар ёнғин кучли бўлса:

— ёнғин ҳудудидан узоқлашиш;

— шамол йўналишига қарши томонга ҳаракатланиш;

— тутун камроқ жойларда пастга эгилиб ҳаракатланиш тавсия этилади.

Агар кетиш имкони бўлмаса, яқин атрофда сув манбаи бўлса, имкон қадар унга яқин жойда қолиш ва бош қисмни нам мато билан ёпиш хавфни камайтириши мумкин.

Ёнғин вақтида йўл қўйиладиган энг катта хатолар

Мутахассислар айрим хатолар оғир оқибатларга олиб келишини таъкидлайди. Энг кўп учрайдиган хатолар қуйидагилар:

— буюмларни олиш учун ёнғин жойига қайтиш;

— кучли ёнғинни ёлғиз ўчиришга уриниш;

— ёнувчан моддаларни сув билан ўчириш;

— баланд қаватдан қутқарувчиларсиз тушишга ҳаракат қилиш;

— шкаф, каравот таги ёки ёпиқ жойларга яшириниш, бунда ҳолда қутқарувчилар сизни топа олмаслиги, тутундан бўғилиб, ҳушдан кетган ҳолда қолиб кетишингиз мумкин.

Ёнғин фавқулодда ҳодиса бўлса-да, тўғри ва тезкор ҳаракат қилиш кўплаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Шу сабабли ёнғин хавфсизлиги қоидаларини билиш, эвакуация йўлларига эътибор бериш ва фавқулодда вазиятда саросимага тушмасдан ҳаракат қилиш ҳар бир инсон учун муҳим ҳаётий кўникма ҳисобланади.

Teglar

Mavzuga oid