add

«Ёпиқ» дейилаётган Humans иши: жабрланганлар пулига ким жавоб беради?

Bugun 14:156973 daqiqa

Humans иловаси орқали рухсатсиз пул ечиб олиш ҳолатлари ортидан Марказий банк аудит бошлади, аммо фуқаролар зарари ва маълумотлар хавфсизлиги масаласи очиқ қолмоқда.

«Ёпиқ» дейилаётган Humans иши: жабрланганлар пулига ким жавоб беради?

Декабр ойи бошида «Humans» иловасига уланган карталардан эгасининг рухсатисиз пул ечиб олинган эди. Vaqt.uz нашри ушбу ҳолат юзасидан Марказий банкдан изоҳ олишга уринди. Шунингдек, фойдаланувчилар маълумотлари сизиб чиққан бўлиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотларга ҳам дуч келинди.

Фуқаролар орасида кўплаб саволларни келтириб чиқарган ушбу воқеа 4–8 декабр кунлари қайд этилган. Кейинчалик маълум бўлишича, воқеадан олдинроқ, октябр ойида «Humans» компанияси суд қарори билан банкрот деб эълон қилингани ҳам маълум бўлди.

Vaqt.uz нашри ушбу масала юзасидан Марказий банк СERT СБУ Киберхавфсизлик маркази бошлиқ ўринбосари Даврон Абдуллаевга юзланди:

«Бу масала ҳақида бирор нима дея олмайман. Марказий банк “Humans” устидан аудит ўтказмоқда. Бу — ёпиқ масала», — деди у.

Хўп, мазкур вазият «ёпиқ» масала экан, фуқаролар тақдири нима бўлади? У ҳам ёпиқлигича қолаверадими? Уларнинг кўрган зарарларини ким қоплаб беради?

Vaqt.uz «Humans» иловаси орқали пул ечиб олинган фойдаланувчиларнинг my.id маълумотлари сизиб чиққан бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга ҳам дуч келди. Маълумотларга кўра, фирибгарлар жабрланувчиларнинг шахсий маълумотларини қўлга киритган ва шу орқали «Humans» иловасига қайта киришни амалга ошириб, пулларни ечиб кетган.

Фойдаланувчилар изоҳларда ушбу ҳолат айнан шубҳали амалиёт эканини, аксарият ҳолларда иловага кириш ҳаракатларини ўзлари амалга оширмаганини таъкидлаган.

humans 01

humans 02

Энди яна бир савол туғилади: ушбу маълумотлар фирибгарларнинг қўлига қаердан келиб қолган? Яна шундай ҳолат такрорланмаслигига ким кафолат беради? Агар фирибгарлар кам сонли фуқароларнинг my.id орқали шахсий маълумотларига эга чиққан бўлса, бошқа фуқароларнинг ҳам маълумотлари қўлга киритилиши ва бу орқали келгусида одамлар учун янада зиёнкор операциялар амалга оширилиши эҳтимоли мавжуд.

Ўтказилган пул амалиётлари бўйича олинган скриншотлардан маълум бўлишича, ўмарилган барча маблағлар фақат битта терминал ID’га йўналтирилган. Бироқ ушбу терминал ID кимга тегишли экани ҳақидаги маълумотлар жамоатчиликдан «ёпиқ» масала сифатида сир тутиб келинмоқда.

humans 03

humans 05

 

Терминал ID нима ва нима учун керак?

Терминал ID — бу тўлов амалга оширилган техник платформа ёки виртуал терминални аниқловчи ягона идентификация рақамидир. У орқали банклар ва тўлов тизимлари транзакция қайси сервис, қайси тизим ёки қайси техник канал орқали амалга оширилганини аниқлайди.

Терминал ID асосан ички назорат, молиявий мониторинг, техник текширувлар ҳамда низоли ҳолатларда тўловни тез ва аниқ аниқлаш учун қўлланилади. Оддий фойдаланувчи учун у кундалик фойдаланишда муҳим бўлмаса-да, пул ўтказмаларини текшириш, бекор қилиш ёки шикоят жараёнларида муҳим техник маълумот ҳисобланади.

 

Бундай ҳолат аввал кузатилганми?

«Humans» фойдаланувчиларининг айримлари изоҳларда ушбу ҳолатга ўхшаш воқеалар аввал ҳам содир бўлгани ва уларга ҳеч қандай аниқ жавоб берилмаганини таъкидлаган. Айрим ҳолатларда фуқаролардан 160 миллион сўмдан ортиқ маблағ ечиб олингани, ҳатто пластик карта манфий балансга тушиб қолгани ҳақида маълумотлар келтирилган.

Шу билан бирга, ушбу ҳолатлар бўйича очилган ишлар ҳозиргача ҳал этилмагани, жавобгарлик масаласи эса очиқ қолгани қайд этилмоқда.

humans 06

 

Далиллар ва маълумотлар бор. Аммо ушбу масалага масъул бўлганлар қачон барча саволларга нуқта қўювчи очиқ муносабат билдириши ҳануз мавҳумлигича қолмоқда. Vaqt.uz эса «Humans»га алоқадор ушбу ҳолат бўйича ўрганишларни давом эттиради.

Teglar

Mavzuga oid