Зарар кўрган самолётларни тузатса бўлади — Россия ТИВ
06.06.2025 | 21:202 daqiqa
Россия Ташқи ишлар вазирлиги сўнгги кунларда тарқатилган маълумотларга жавобан стратегик авиацияга тегишли самолётлар буткул йўқ қилинмаганини билдирди. Маълум қилинишича, шикастланган учувчи аппаратлар белгиланган тартибда таъмирланиб, яна фойдаланишга тайёр ҳолга келтирилади.

«Ҳеч қандай йўқ қилиш бўлмаган. Зарба оқибатида айрим ускуналар шикастланган, лекин уларни тиклаш мумкин. Булар стратегик парвозларга таъсир қилмайди», — дейилади ТИВ баёнотида.
Россия томони бундай хабарларни АҚШ ва Ғарбдаги ахборот манбалари томонидан «психологик босим» ва «манипуляция» деб баҳолади. ТИВ вакилининг айтишича, бундай маълумотлар Россиянинг мудофаа қобилиятига путур етказиш учун атайлаб тарқатилади.
Маълумот учун: аввалроқ АҚШ ОАВда Россиянинг стратегик ҳаво кучларига мансуб бир неча самолёт Украина томонидан амалга оширилган зарбада йўқ қилингани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Айрим манбалар бу орқали Россиянинг ядровий тийиб туриш салоҳиятига зарба берилганини иддао қилган.
Ташқи ишлар вазирлиги эса бу каби баёнотларни рад этар экан, Россия ҳарбий салоҳияти барқарорлигини ва стратегик қуроллар доим назорат остида эканини таъкидлади.





