add

Зеленский:«АҚШ Украина ва Россияни июнь ойига қадар урушни тугатишга мажбурламоқда»

Трамп маъмурияти Украина ва Россия ўртасидаги урушни қисқа муддатда тўхтатиш мақсадида илк бор Киев ва Москва музокара гуруҳларини АҚШда учраштиришни таклиф қилди.

Зеленский:«АҚШ Украина ва Россияни июнь ойига қадар урушни тугатишга мажбурламоқда»

Қўшма Штатлар Украина ва Россия ўртасидаги қарийб тўрт йиллик урушни июнь ойига қадар якунлашни истамоқда ва томонлар ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар ўтказишни таклиф қилди. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский журналистлар билан мулоқотда маълум қилди. Унинг айтишича, АҚШ илк бор Украина ва Россия музокара гуруҳларини ўз ҳудудида учраштириш ташаббусини илгари сурган.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, таклиф этилаётган учрашув келаси ҳафта ўтказилиши мумкин бўлиб, эҳтимолий манзил сифатида Маями шаҳри тилга олинмоқда. АҚШ расмийлари жараённи тезлаштириш ва барча келишувларни ёз бошига қадар шакллантириш истагида эканини билдирган. Вашингтон сўнгги ойларда Москва ва Киев ўртасида воситачилик қилишга уриниб, ҳатто Абу-Дабида алоҳида музокараларга ҳам кўмаклашган.

Шу билан бирга, асосий келишмовчилик ҳали ҳам ҳудуд масаласи бўлиб қолмоқда. Россия Украина ҳудудининг тахминан 20 фоизини, жумладан Донетск вилоятининг катта қисмини назорат қилиб турибди ва ушбу ҳудуд устидан тўлиқ суверенитетни талаб қилмоқда. Украина эса бу талабларни қабул қилиб бўлмаслигини, бундай келишув келажакда янги босқин хавфини кучайтиришини таъкидламоқда.

Зеленский Вашингтон ва Москва Киев иштирокисиз қарорлар қабул қилишини қатъий рад этишини билдирди. Унинг таъкидлашича, Украина суверенитетига дахлдор ҳар қандай масала фақат мамлакат розилиги билан ҳал этилиши мумкин. Шунингдек, томонлар Запороже атом электр станцияси масаласида ҳам умумий фикрга кела олмаган. Ушбу объект 2022 йилдан бери Россия назорати остида қолмоқда.

Украина раҳбари АҚШнинг саъй-ҳаракатларини ижобий баҳолар экан, бироқ Киевдан Москвага нисбатан кўпроқ ён бериш талаб қилиниши адолатсиз эканини яна бир бор урғулади.

Teglar

Mavzuga oid