add

Зеленскийнинг дўсти давлатга хиёнатда айбланмоқда

Bugun 09:183542 daqiqa

Украинада бизнесмен Тимур Миндичга нисбатан давлатга хиёнат бўйича жиноий иш очилди ва тергов унинг Россия манфаатларига хизмат қилган эҳтимолий ҳаракатларини текширмоқда.

Зеленскийнинг дўсти давлатга хиёнатда айбланмоқда

Украинада бизнесмен Тимур Миндичга нисбатан давлатга хиёнат моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда Олий Рада депутати Алексий Гончаренко Украина Хавфсизлик хизмати жавобига таяниб маълум қилди. Унинг айтишича, Миндич аввалроқ «диверсия» моддаси доирасида ҳам текширувдан ўтган.

Гончаренко маълум қилишича, Миндич атрофидаги коррупция можароси ва унинг эҳтимолий шериклари билан бўлган суҳбат ёзувлари ошкор этилганидан сўнг, у Хавфсизлик хизматига расмий сўров юборган. Сўровда бизнесменнинг Россия махсус хизматлари билан алоқалари бор-йўқлиги аниқлаш сўралган.

Украина Хавфсизлик хизмати жавобида «кўрсатилган шахс ва у билан боғлиқ шахслар»га нисбатан давлатга хиёнат аломатлари бўйича судгача тергов бошлангани қайд этилган. Тергов материалларида Украина суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, мудофаа қобилияти ҳамда давлат ва иқтисодий хавфсизлигига зарар етказиш эҳтимоли ўрганилаётгани таъкидланган.

Шу билан бирга, Хавфсизлик хизмати (СБУ) Миндичга нисбатан «диверсия» моддаси асосида тўпланган материалларни Украина миллий аксилкоррупция бюросига юборган. Ушбу иш атом энергетикаси объектларига паст сифатли материаллар етказиб бериш эҳтимоли билан боғлиқ.

НАБУ раҳбарияти ҳам билвосита тарзда Миндичга нисбатан давлатга хиёнат бўйича текширув олиб борилаётганини тасдиқлади. Детективлар раҳбари Александр Абакумов унинг ҳаракатларида агрессор давлат билан ҳамкорлик аломатлари бор-йўқлиги ўрганилаётганини билдирди.

Тимур Миндич — Украинада машҳур бизнесмен ва продюсер, «Квартал 95» студиясининг ҳаммуассиси ҳамда Володимир Зеленскийга яқин шахс сифатида танилган. Тергов материалларига кўра, у «Энергоатом» атрофидаги коррупция схемасини бошқарган ва ўнлаб миллион долларлик талон-тарожда айбланмоқда.

Teglar

Mavzuga oid