add

Зоҳран Мамданий Қуръонга қўл қўйганча қасамёд қилиб, мэр лавозимга киришди

Kecha 22:552 daqiqa

2026 йилнинг илк дақиқаларида Зоҳран Мамданий Қуръон ушлаб қасамёд қилиб, Ню Йорк тарихида илк бор мусулмон ва демократик социалист мэр сифатида лавозимга киришди.

Зоҳран Мамданий Қуръонга қўл қўйганча қасамёд қилиб, мэр лавозимга киришди

2026 йил 1 январ куни Ню Йорк шаҳри янги тарихий босқичга қадам қўйди. Шаҳарнинг янги мэри Зоҳран Мамданий Қуръон устида қасамёд қилиб, расман лавозимига киришди. Қасамёд маросими 1904 йилда очилган ва ҳозир фойдаланишдан чиқарилган City Hall метро бекатида ўтказилди, деб ёзмоқда Bild.

Зоҳран Мамданий Ню Йорк тарихидаги биринчи мусулмон мэр, шунингдек ўзини «демократик социалист» деб атаган илк шаҳар раҳбари ҳисобланади. У сайловда кутилмаган ғалабага эришиб, сўл популистик дастури орқали айниқса ёш сайловчиларни фаол сафарбар қилишга муваффақ бўлди.

Мамданий ўз чиқишида Ню Йорк аҳолисини «янги имкониятлар даври»га олиб киришини ваъда қилди. У бепул болалар боғчалари, жамоат транспортларининг айрим турларини текин қилиш, арзон ижтимоий супермаркетлар ва ижара нархларига чек қўйиш каби ташаббусларни илгари сурган. Бу режаларни молиялаштириш учун у бизнес ва бой қатлам учун солиқларни оширишни таклиф қилмоқда.

Бироқ ушбу ғоялар шаҳар ичида баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Айрим таҳлилчилар юқори солиқ юки бизнес ва сармоядорларнинг шаҳарни тарк этишига олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда. Бу эса шаҳар иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Шу билан бирга, полиция функцияларини қисман жамоат назоратчиларига ўтказиш каби ғоялар хавфсизлик масаласида аҳоли орасида ташвиш уйғотмоқда. Ню Йоркда Исроилдан ташқари дунёдаги энг йирик яҳудий жамоаси мавжуд бўлиб, улар Мамданийнинг Ғазодаги урушга муносабати ва айрим радикал шиорлардан очиқча воз кечмаслигидан хавотирда.

Демократлар партияси стратегиячилари эса Мамданийни Доналд Трампга қарши мухолифат учун янги сиёсий модел сифатида кўрмоқда. Уларнинг фикрича, унинг ғалабаси ёш сайловчиларни жалб қилишда самарали усул бўлиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid