Зоминдаги осма кўприк ва меҳмонхона 27 млн долларга сотилди

Bugun 13:551 daqiqa

Харидор — аукциондан 4 кун олдин ташкил этилган компания бўлди. Унинг эгаси боғча, транспорт савдоси ва логистика каби соҳаларда ҳам компанияларга эга.

Зоминдаги осма кўприк ва меҳмонхона 27 млн долларга сотилди © fotos.uz

Жиззах вилояти, Зомин туманида жойлашган туристик объектлар аукционда 324,6 млрд сўмга сотилди. Бу ҳақда «E-auksion» порталида маълум қилинди.

6 апрел куни бўлиб ўтган аукционда «Ref Bridge Invest» МЧЖ ягона таклиф билан ғолиб деб топилди. Қизиғи, бу компания аукцион ўтказилишидан 4 кун олдин, 2 апрел санасида ташкил қилинган. 16 апрел куни эса қайта рўйхатдан ўтказилган. Устав капитали — 100 млн сўм.

Унинг раҳбари Нигора Ташпулатова бўлиб, бошқа бир қанча компаниялар эгаси ёки акциядори ҳисобланади. Ташпулатованинг боғча, автомобил савдоси, логистика каби компанияларда улуши мавжуд.

Зоминдаги туристик объектлар қаторига машҳур осма кўприк, «Ramada Encore by Wyndham» меҳмонхонаси, банд жампинг, ресторан, кафе, болалар ўйингоҳи, савдо дўкони каби жойлар киради.

photo_2026-04-22_13-48-27

Аукционга чиқарилган объектларнинг умумий майдони 3,5 гектарни ташкил қилади. Бинолар майдони эса қарийб 10 000 квадрат метр.

Лот кимошди савдосига давлат банки — «Turonbank»ка тегишли бўлган «Turon Plaza Hotel» МЧЖ томонидан қўйилган. Осма кўприк ва меҳмонхона бунгача бир неча бор алоҳида тарзда аукционга чиқарилганди.

Аукцион нархи АҚШ долларида қарийб 27 млн долларни ташкил қилади. Бу платформадаги сўнгги пайтлар учун энг йирик кимошди савдоси ҳисобланади.

Аввалроқ Ўзбекистонда давлат банклари туризм бизнесидан чиқаётгани ҳақида хабар берилганди.

Teglar

Mavzuga oid