1 млрд kWh: Ўзбекистонда «яшил» энергия ишлаб чиқариш 40 фоизга ўсди

14.02.2026 | 13:152 дақиқа

2026 йил бошидан буён қуёш ва шамол станциялари 1 млрд kWh электр ишлаб чиқарди. Бу ўтган йилга нисбатан 400 млн kWhга кўп.

1 млрд kWh: Ўзбекистонда «яшил» энергия ишлаб чиқариш 40 фоизга ўсди

2026 йил 13 февраль соат 12:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистондаги қуёш ва шамол электр станциялари жами 1 млрд kWh электр энергияси ишлаб чиқарди. Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 400 млн kWh ёки 40 фоизга юқори.

Ҳозирги кунда мамлакатда умумий қуввати 5582 MW бўлган 15 та қуёш фотоэлектр станцияси ва 5 та шамол электр станцияси фаолият юритмоқда. Жорий йил бошидан қуёш станциялари 396 млн kWh, шамол станциялари эса 604 млн kWh энергия ишлаб чиқарган.

Энергетика вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, мазкур ҳажм натижасида 267 млн метр куб табиий газ тежалди ва атмосферага 575 минг тоннадан ортиқ зарарли моддалар чиқишининг олди олинди.

Ўсиш динамикаси

Сўнгги йилларда қайта тикланувчи энергия манбалари кескин ўсишни намоён этмоқда. 2022 йилда Навоий ва Самарқанд вилоятларидаги қуёш станциялари 434 млн kWh, 2023 йилда эса 576,9 млн kWh электр ишлаб чиқарган.

2024 йилда 9 та қуёш ва 1 та шамол станцияси 4 млрд 860 млн kWh энергия ишлаб чиқарган бўлса, 2025 йил якунларига кўра бу кўрсаткич 10,5 млрд kWhʼга етди. Бу «яшил» генерация умумий энергия балансида улуши ортиб бораётганини кўрсатади.

Жорий йил бошидан гидроэлектр, қуёш ва шамол станциялари жами 1 млрд 570 млн kWh энергия ишлаб чиқарди. Бу 400 млн метр куб газ тежалиши ва 863 минг тонна зарарли чиқиндилар қисқаришига хизмат қилди.

Энергетикадаги бурилиш

Ишлаб чиқарилган 1 млрд 570 млн kWh электр энергияси ўртача 5 миллионта хонадоннинг 1,5 ойлик ёки 625 мингта хонадоннинг бир йиллик истеъмолига тенг.

Рақамлар шуни кўрсатмоқдаки, қайта тикланувчи энергия манбалари нафақат экологик, балки иқтисодий самарадорлик жиҳатидан ҳам стратегик аҳамият касб этмоқда. Энди асосий масала — ушбу ўсиш суръатини сақлаб қолиш ва тармоқ инфратузилмасини мос равишда ривожлантиришдир.

Теглар

Мавзуга оид