1-ноябрдан ҳайдовчилар учун қандай янги тартиблар кучга киради?
Янги ойдан хавфсизлик камарини тақмаган ҳайдовчилар хусусий камералар орқали аниқланиши, айрим йўл чизиқларини босганлик учун жарима бекор қилиниши ва Тошкентда автобус йўлаклари назорати кучайтирилиши кутилмоқда.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaЎзбекистонда 1-ноябрдан йўл ҳаракати хавфсизлиги ва қоидабузарликларни қайд этиш тартибига оид бир қатор ўзгаришлар кучга киради. Vaqt.uz ҳайдовчи ҳамюртларимиз учун барча янги талабларни бир ерга жамлади.
Хусусий камералар хавфсизлик камарини тақмаган ҳайдовчиларни ҳам аниқлайди
Вазирлар Маҳкамасининг 29-октябрдаги қарори билан тадбиркорлар томонидан йўл ҳаракати қоидабузарликларини фото ва видео қайд этиш комплексларини ўрнатиш шартларига ўзгартириш киритилди.
Унга кўра, 1-ноябрдан тадбиркорлар ўрнатган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш воситалари орқали ҳайдовчиларнинг хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслиги ҳолатларини ҳам аниқлашга рухсат берилади.
Бунинг учун ускуналар белгиланган техник талабларга жавоб бериши шарт. Жумладан, тизим аниқланган қоидабузарлик ҳақидаги маълумотларни “Маъмурий амалиёт” модулига автоматик равишда узатиши керак.
Базавий ҳисоблаш миқдори 440 минг сўмлигини ҳисобга олсак, қонунчиликда хавфсизлик камарини тақмаслик учун жарима миқдори 220 минг 420 сўмни ташкил этади.
Юбориладиган маълумотлар қаторига метрологик қиёслаш гувоҳномасининг рақами ва амал қилиш муддати, қоидабузарлик аниқланган сана ва вақт, шунингдек, ҳодиса содир этилган жойнинг аниқ координаталари киради.
Булдан ташқари, электр таъминоти узилган тақдирда тизим камида 8 соат давомида ишлашини таъминлайдиган заҳира электр манбаига эга бўлиши лозим.
Камералар олган фотосуратларда ҳайдовчининг юзи ҳамда хавфсизлик камаридан фойдаланган ёки фойдаланмаганлиги аниқ кўриниши талаб этилади.
Кимлар хавфсизлик камарини тақмаслиги мумкин?
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга кўра, айрим тиббий ҳолатларда ҳайдовчилар хавфсизлик камарини тақиш мажбуриятидан озод этилади.
Улар қаторига қуйидагилар киради:
● Ўмров, тўш суяги, елка камари ва қовурғалар синиши;
● чап ўмров суяги чиқиши сабабли ўтказилган операциялар ва унинг сохта бўғими;
● умуртқа поғонасининг компрессион синиши;
● ўпканинг сурункали обструктив касалликлари ва бронхиал астманинг IV босқичи;
● ўпканинг интерстициал зарарланиши;
● ўпканинг бир қисми ёки тўлиқ олиб ташланган ҳолатлар;
● сурункали юрак етишмовчилигининг III босқичи ва декомпенсация даври;
● оғир юрак-қон томир касалликлари;
● тана масса индекси 40 ва ундан юқори бўлган III даражали семизлик;
● бўйи 150 сантиметрдан паст бўлган шахслар;
● қўл ёки елка ҳаракатини чекловчи неврологик касалликлар;
● кўкрак қафасидаги оғир аллергик ва дерматологик касалликлар;
● ўмров, курак, елка, тўш суяклари ва қовурғаларда ички ёки ташқи имплантлар мавжудлиги;
● кўкрак қафаси ва қорин бўшлиғида ўтказилган очиқ операциялар;
● стомалар мавжудлиги;
● кўкрак қафаси соҳасидаги йирик ҳосилалар, жумладан, ўсмалар.
Аксарият ҳолатларда тиббий маълумотнома бир йилгача амал қилади. Нанизм ва ўпканинг олиб ташланиши билан боғлиқ ҳолатларда эса у муддатсиз берилади.
2026-йил июн ойидан бошлаб ҳайдовчилар ушбу тиббий маълумотномани Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда юклаб олишлари мумкин.
Чорраҳа яқинида айрим йўл чизиқларини босганлик учун жарима бекор қилинади
1-ноябрдан чорраҳа ва қайрилиб олиш жойлари яқинида айрим йўл ётиқ чизиқларини босиб ҳаракатланган ҳайдовчиларга нисбатан ЙПХ инспекторлари томонидан жарима баённомаси расмийлаштирилмайди.
Вазирлар Маҳкамасининг 596-сон қарорига мувофиқ, қуйидаги масофаларда 1.1 (бир яхлит) ва 1.3 (иккита яхлит) йўл чизиқларини босиб ҳаракатланиш қоидабузарлик ҳисобланмайди:
● чорраҳагача бўлган 50 метр масофада;
● қайрилиб олиш жойигача бўлган 20 метр масофада.
Аввалроқ автоматик фоторадар ва камералар орқали йўл чизиқларини босиш ҳолатларини қайд этиш амалиёти бекор қилинган эди. Бироқ ЙПХ ходимлари бундай ҳолатларни аниқлаганида маъмурий жарима қўллаш тартиби сақланиб қолган.
Янги ўзгартириш билан ушбу масофалар доирасида йўл чизиқларини босганлик учун инспекторлар томонидан ҳам жарима қўллаш амалиёти тўхтатилади.
Тошкентда автобус йўлакларидаги назорат кучайтирилади
Пойтахтда жамоат транспорти учун ажратилган “А” тасмали йўлаклардан ноқонуний фойдаланишга қарши назорат чоралари кучайтирилади. Бу халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 30-октябрдаги қарорида белгиланган.
Унга кўра, 2026-йил 1-ноябрдан бошлаб автобус йўлакларида енгил ва шахсий автотранспортларнинг ноқонуний ҳаракатланиши ҳамда тўхтаб туришига қарши доимий назорат тадбирлари кучайтирилади.
Бундан ташқари, 15-декабрга қадар автобусларнинг олд қисмига ҳаракат вақтида қоидабузарликларни автоматик қайд этувчи мобиль видеокамералар ўрнатилиши режалаштирилган. Ушбу қурилмалар ЙҲХБнинг ягона базаси билан интеграция қилиниши керак.
Мазкур вазифаларни амалга ошириш учун Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, Тошкент шаҳар Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси ҳамда “Тошшаҳартрансхизмат” масъул этиб белгиланган.
“А” тасмали йўлаклардан кимлар фойдаланиши мумкин?
Тошкентда алоҳида автобус йўлакларини ташкил этиш 2022-йил декабрь ойида бошланган. Ушбу йўлаклар жамоат транспортининг ҳаракатини тезлаштириш ва тирбандликлар таъсирини камайтиришга қаратилган.
Белгиланган тартибга кўра, “А” тасмали йўлакларда автобуслардан ташқари тез тиббий ёрдам, ёнғин хавфсизлиги ва Ички ишлар вазирлигига тегишли махсус транспорт воситалари ҳаракатланиши мумкин.
Янги назорат чоралари эса автобус йўлакларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва бундай қоидабузарликларни автоматлаштирилган тартибда қайд этиш имкониятини кенгайтиришга қаратилган.





