Logo

1-октабргача Янгийўл электр ва газ таъминоти бўйича намунавий туманга айлантирилади

Бугун 16:353 дақиқа

Тошкент вилояти Янгийўл тумани аҳолиси ва тадбиркорларини электр ҳамда газ билан барқарор таъминлаш бўйича махсус штаб ташкил этилади. Унга энергетика вазири Шерзод Ходжаев бошчилик қилади, туман ҳокими Санъат Жуманиёзов эса унинг ўринбосари бўлади.

1-октабргача Янгийўл электр ва газ таъминоти бўйича намунавий туманга айлантирилади © Shutterstock

Янгийўл электр ва газ таъминоти бўйича намунавий туманга айлантирилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган ёқилғи-энергетика тармоғини ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Қайд этилишича, туманда 1,4 минг километр электр тармоғи ва 422 та трансформатор мавжуд. Сўнгги беш йилда аҳолининг электр истеъмоли 68 миллион киловатт-соатдан 102 миллион киловатт-соатгача, яъни қарийб 1,5 баробар ошган. Бироқ шу даврда атиги 60 та трансформатор ва 240 километр электр тармоғи янгиланган. Йил бошидан буён электр тармоқларидаги йўқотишлар 30 миллион киловатт-соатга етган, 37 та авария қайд этилган.

Президент туманда тўлов интизоми ҳам қониқарли эмаслигини қайд этди. Оқибатда дебитор қарздорлик 43 миллиард сўмга етган бўлиб, унинг 9,4 миллиард сўми нореал қарздорлик ҳисобланади. Шунингдек, 829 та ҳисоблагич АСКУЭ тизими талабларига жавоб бермайди, яна 2 мингта ҳисоблагич маълумот узатмайди. Солиқ органларига «ноль» ҳисобот тақдим этган 48 та корхона эса олти ой давомида 871 минг киловатт-соат электр энергияси истеъмол қилган.

Газ таъминоти тизимида ҳам шунга ўхшаш муаммолар аниқланган. Хусусан, 5 мингдан ортиқ газ ҳисоблагичи маълумот узатмаётгани сабабли қарздорлик 188 миллиард сўмга етган.

Махсус штаб ташкил этилади

Шунингдек, йиғилишда туман аҳолиси ва тадбиркорларини электр ҳамда табиий газ билан барқарор таъминлашга масъул махсус штаб ташкил этилиши маълум қилинди. Штабга энергетика вазири Шерзод Ходжаев раҳбарлик қилади, Янгийўл тумани ҳокими Санъат Жуманиёзов эса унинг ўринбосари бўлади.

Президент топшириғига кўра, барча ишлар 1 октябргача якунланиб, Янгийўл электр ва газ таъминоти бўйича намунавий туманга айлантирилиши лозим.

Энергия баланси шакллантирилади

Масъуллар икки ҳафта ичида туманнинг барча 51 та маҳалласида аҳоли ва тадбиркорларнинг ойлик, чораклик ва йиллик энергия эҳтиёжини ўрганади.

Ушбу таҳлиллар асосида ҳар бир маҳалла кесимида «энергия истеъмоли баланси» ишлаб чиқилади. Шу орқали қаерда трансформаторларни алмаштириш, газ тақсимлаш қурилмаларини янгилаш ёки янги электр ва газ тармоқларини тортиш зарурлиги аниқ белгиланади.

Шунингдек, АСКУЭ ва АСКУГ тизимлари талабларига жавоб бермайдиган ҳисоблагичлар янгиланиб, маълумот узатишдаги узилишларни бартараф этиш чоралари кўрилади.

Йўқотишлар қисқартирилади

Йиғилишда электр ва газ тармоқларидаги техник йўқотишларни икки баробар камайтириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш вазифаси ҳам белгиланди. Унда зарур маблағларнинг қайси қисми энергетика корхоналари, қайси қисми маҳаллий қўшимча даромадлар ҳисобидан молиялаштирилиши аниқ кўрсатилади.

Йирик энергия истеъмолчилари бўлган корхоналар энергия аудитидан ўтказилиб, уларни тежамкор технологияларга ўтказиш учун банклар орқали молиявий ресурслар ажратилади. Шу билан бирга, барча боғча, мактаб, техникум, шифохона ва поликлиникаларнинг энергия сарфи таҳлил қилиниб, кўп қаватли уйларнинг иситиш тизими диагностика қилинади. Қарздорликни қисқартириш бўйича эса кўчама-кўча иш ташкил этилади.

Теглар

Мавзуга оид