2 млрд сўмдан ортиқ маблағларни асоссиз ундирган корхона жазоланди
Тошкент вилоятида ичимлик суви ва оқова хизматларини кўрсатувчи корхона истеъмолчилардан 2,2 млрд сўмдан ортиқ маблағлар асоссиз ундирганлиги аниқланди.

Тошкент вилоятида ичимлик суви ва оқова хизматлари учун тарифлар оширилиши натижасида истеъмолчилардан 2,2 млрд сўмдан ортиқ маблағ асоссиз ундирилгани аниқланди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.
Қўмита маълумотларига кўра, «MUSAFFO OBI HAYOT MAGISTRAL SUV TA'MINOTI» АЖ томонидан қўлланилган янги тарифлар амалдаги қонунчилик талабларига мос келмаган. Натижада аҳоли ва бошқа истеъмолчилардан ортиқча тўловлар ундирилган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Қўмитанинг Махсус комиссияси томонидан «MUSAFFO OBI HAYOT MAGISTRAL SUV TA'MINOTI» АЖга нисбатан «Рақобат тўғрисида»ги Қонун талабларини бузиш аломатлари асосида иш қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш натижасига кўра молиявий жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Шунингдек, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик ҳамда асоссиз олинган маблағларни якуний истеъмолчига қайта ҳисоб-китоб қилиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рақобат қўмитаси экиш мавсуми бошланиши арафасида ёқилғи нархларини назоратга олганлиги ҳақида хабар берилган эди.





