add

2025 йилда метрополитен орқали 286 миллиондан зиёд йўловчи ташилган

Сўнгги беш йил давомида метрополитендан фойдаланувчилар сони жадал ошиб, кўрсаткич етти баробардан ортиқ ўсишни қайд этган.

2025 йилда метрополитен орқали 286 миллиондан зиёд йўловчи ташилган © Javhar Chorshanbiyeva

2025 йилда метрополитен орқали жами 286,8 миллион нафар йўловчи ташилган. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси ахборот берди.

Маълумотларига кўра, 2025 йилдаги натижа 2024 йилга нисбатан 6,1 фоизга юқори. Йўловчилар оқимининг ўсиши аҳоли сони кўпайиши, янги йўналишлар ва бекатларнинг ишга туширилиши ҳамда шаҳарда ҳаракатланишда метронинг қулай восита сифатида танланиши билан боғлиқ.

2025 йилда кунлик ўртача ҳисобда метрополитен хизматларидан 785,6 минг нафар йўловчи фойдаланган. Бу эса метро тизимига тушаётган юклама юқори даражада эканини, шу билан бирга хизмат сифатини сақлаш ва инфратузилмани модернизация қилишга бўлган эҳтиёжни янада ошираётганини англатади.

Маълумот учун: 2020 йилда метрополитендан 38,8 миллион нафар йўловчи фойдаланган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 101,8 миллион нафарга етган. 2022 йилда 136,7 миллион, 2023 йилда эса 172 миллион нафар йўловчи ташилган.

2024 йилда кескин сакраш кузатилиб, метрополитен хизматларидан 270,3 миллион нафар йўловчи фойдаланган. 2025 йилда эса ўсиш суръати сақланиб, йўловчилар сони 286,8 миллион нафарга етган.

Теглар

Мавзуга оид