
2025 йилда Ўзбекистонда қотиллик камайиб, номусга тегиш жиноятлари кўпайди
Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда қотиллик билан боғлиқ жиноятлар сони ўтган йилга нисбатан тенг ярмини қайд этган бўлса-да, номусга тегиш билан боғлиқ жиноятлар кўпайди.

2025 йилда Ўзбекистонда ички ишлар тизимида ходимлар хизмат бурчини бажаришда бир қатор муаммоларга дуч келди. Вазирлик ахборот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов 23-декабр кунги матбуот анжуманида маълум қилишича, йил давомида 6 нафар ходим вафот этган, 131 нафари эса иш жараёнида жиддий тан жароҳати олган.
Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашроповнинг сўзларига кўра, жорий йилда қотиллик сони камайган, аммо номусга тегиш билан боғлиқ жиноятлар кўпайган.
«2024-йилда 60 та қотиллик қайд этилган бўлса, 2025-йилда бу кўрсаткич 31 тага тушган. ЙТҲ эса 9365 тадан 8738 тага камайган. Бироқ номусга тегиш жинояти ўтган йилга нисбатан 359 тадан 381 тага кўпайган», деди Рамазон Ашропов.
Бундан ташқари, энди Ички ишлар ходимлари устидан келган ҳар қандай мурожаат фавқулодда ҳолат сифатида қаралади. 102 қисқа рақамига келган ҳар бир мурожаатга туман ёки вилоят раҳбарининг шахсан ўзи жавоб беради.
Шунингдек, жорий йилда ИИБ ходимлари томонидан содир этилган 87 та жиноят аниқланган. Уларнинг 75 фоизи вазирлик ташаббуси билан аниқланган ва чора кўриш учун прокуратурага тақдим қилинган.
Мутахассислар таъкидлашича, жиноятлар кўрсаткичларидаги ўзгаришлар ички ишлар тизимида назоратнинг кучайганини ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чоралар самарасини кўрсатмоқда.





