
2025 йилнинг энг яхши ҳамёнбоп смартфонлари маълум қилинди
Таҳлилларда нархи 500 долларгача бўлган энг яхши смартфонлар рўйхати тузилган.

Смартфон бозорида «арзон телефон» деган тушунча сўнгги йилларда кескин ўзгарди. Агар илгари паст нарх паст сифат билан боғлиқ бўлган бўлса, 2025 йилга келиб 500 долларгача бўлган қурилмалар ҳам илғор технологияларни таклиф қила бошлади. Юқори сифатли камералар, сунъий интеллект функциялари ва узоқ ишлайдиган батареялар энди фақат флагманларга хос эмас.
Tom’s Guide нашри таҳририяти бир неча кунлик амалий тестлар ва техник солиштиришлар асосида 2025 йил учун энг яхши ҳамёнбоп смартфонлар рейтингини тузди. Унда нархи 500 доллардан ошмайдиган моделлар баҳоланган.
Мутахассислар фикрича, умумий жиҳатдан энг яхши смартфон сифатида Google Pixel 9 етакчи бўлди. Нархи 500 доллардан ошмайди, Tensor G4 процессори, сунъий интеллектга асосланган камера алгоритмлари ва 6,3 дюймли ёрқин дисплей билан жиҳозланган. Экран 60 ва 120 герц орасида автоматик янгиланади, камера эса аниқлик ва рангларни табиий узатиши билан рақобатчиларидан ажралиб туради. Pixel 9 кундалик фойдаланиш учун ишончли ва қулай вариант сифатида баҳоланди.
Энг яхши нарх ва сифат нисбати эса Nothing Phone 3a моделига тўғри келди. 400 доллардан арзон бўлган ушбу смартфон шаффоф дизайни, 120 герцли AMOLED дисплейи ва 2 карра оптик зумга эга веб-камераси билан эътиборни тортди. Тестлар давомида батарея 15 соатдан ортиқ ишлагани қайд этилди, бу эса уни фаол фойдаланувчилар учун жозибали қилади.
300 долларгача бўлган сегментда Motorola Moto G Power 2025 энг яхши деб топилди. 5 000 мА·соатлик батарея 17 соатдан зиёд ишлайди, симсиз қувватлаш имконияти эса ушбу нарх тоифаси учун камёб ҳисобланади. Шу билан бирга, камера ва процессор унумдорлиги юқори тоифадаги моделлардан орқада қолиши қайд этилган.
Энг арзон, аммо ишончли смартфон сифатида Motorola Moto G 2026 тилга олинди. У 19 соатдан ортиқ батарея муддати билан рекорд кўрсаткични намойиш этган. Бироқ дисплей аниқлиги ва умумий тезкорлиги чекланган. Букланадиган смартфон излаётганлар учун эса Motorola Razr 2024 ҳозирча энг ҳамёнбоп вариант бўлиб қолмоқда. Тахминан нархи $599.
Apple ишқибозлари учун iPhone 16e энг яхши бюджетли iPhone сифатида баҳоланди. Samsung мухлислари эса Galaxy A56 орқали уч камерали тизим, яхшиланган батарея ва айрим сунъий интеллект функцияларига эга бўлиши мумкин.
Мутахассислар хулосасига кўра, 2025 йилда ҳамёнбоп смартфонлар оддий фойдаланувчиларнинг деярли барча кундалик эҳтиёжларини қондириш даражасига етган. Бугун яхши телефон сотиб олиш учун албатта қиммат флагман танлаш шарт эмас.





