
2026 йилда Ўзбекистонда экологияга 1,9 трлн сўм ажратилади
Президент Мурожаатномасида қайд этилишича, чанг-тўзонларни камайтириш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва экологик кадрлар тайёрлаш бўйича йирик дастурлар амалга оширилади.

2026 йилдан бошлаб Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишга қаратилган кенг кўламли экологик чора-тадбирлар амалга оширилади. Уларнинг асосий мақсади чанг-тўзонларнинг олдини олиш, яшил ҳудудлар улушини ошириш ҳамда шаҳар ва қишлоқларда экологик барқарор муҳитни шакллантиришдан иборат, деди Президент ўзининг парламент ва халққа Мурожаатномасида.
Хусусан, чанг-тўзонлар энг кўп кузатиладиган ҳудудлардан бири бўлган Сурхондарё вилоятида 10 минг гектар майдонда «яшил макон» барпо этилади. Сирдарё вилоятида эса 84 километр масофани қамраб оладиган «яшил девор» ташкил этиш режалаштирилган. Бу лойиҳалар шамол тезлигини пасайтириш ва ҳаводаги чанг зарраларини камайтиришга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро ва Навоий ҳудудларида жами 250 минг гектар ерда дарахт ва буталар экилади. Шундан 115 минг гектари Орол денгизининг қуриб қолган тубига тўғри келади. Бу тадбир Оролбўйи ҳудудида экологик вазиятни барқарорлаштириш ва аҳоли саломатлигига салбий таъсирларни камайтиришга қаратилган.
Шунингдек, ҳар бир ҳудудда ботаника ва дендрология боғлари ташкил этилади, аҳоли дам олиши учун 20 тадан соя-салқин сайр кўчалари барпо этилади. Бу шаҳар муҳитини яхшилаш ва «яшил инфратузилма»ни кенгайтиришнинг муҳим қисми ҳисобланади.
Корхоналарда экологик стандартларни жорий этиш жараёни ҳам жадаллаштирилади. Келгуси беш йилда камида 30 минг нафар экологик менежерга эҳтиёж юзага келиши кутилмоқда. Шу муносабат билан 2026 йилдан ҳар бир ҳудудда «яшил» техникумлар ташкил этилиб, дуал таълим асосида йилига 10 минг мутахассис тайёрлаш йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, Марказий Осиё Яшил университети фаолияти кенгайтирилиб, ҳаво, сув ва тупроқ сифати таҳлили учун комплекс лабораториялар яратилади. Шаҳарларда табиий вентиляцияни кучайтиришга қаратилган илмий тадқиқотлар ўтказилади.
Умуман олганда, 2026 йилда экологик ислоҳотлар ва лойиҳаларни молиялаштириш учун 1 триллион 900 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши белгиланган.





