
2026 йилдан давлат шифохоналари ҳафтасига беш кунлик иш режимига ўтади
Шунингдек, президент қарори билан ҳар йили 500 нафар тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг ипотека кредити асосида сотиб оладиган уй-жойининг дастлабки бадал тўловининг 25 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади.

Ўзбекистон президентининг «Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб давлат тиббиёт муассасаларининг иш вақти режими беш кунлик иш ҳафтасига ўтказилади. Бунда тиббиёт муассасалари иш фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш учун байрам ва дам олиш кунлари навбатчилик асосида ишлаш йўлга қўйилади.
2026 йилдан бошлаб давлат тиббиёт муассасалари ходимлари Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан Тиббиёт муассасаларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан ҳар йили меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида рағбатлантирилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб давлат тиббиёт муассасаларида Жамғарма маблағлари ҳисобидан давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил иш стажига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг фарзандларига республика ҳудудидаги олий таълим ташкилотларида бакалавриат таълим йўналиши бўйича йиллик контракт суммасининг 30 фоизи миқдоридаги, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан ошмайдиган қисми қоплаб берилади.
Шунингдек, ҳар йили давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил иш стажига эга бўлган 500 нафар тиббиёт ва фармацевтика ходимларини уй-жой билан таъминлаш учун ипотека кредити асосида сотиб олинадиган уй-жойнинг дастлабки бадал тўловининг 25 фоизи қоплаб берилади.
Бундан ташқари, қарор билан тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг халқаро илмий-техник маълумотлар базасида индексланувчи ва юқори импакт-факторли журналларда мақолаларни чоп этиш билан боғлиқ харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.





