2035 йилга бориб Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли икки баробарга ошади — BCG

24.10.2025 | 08:572 дақиқа

Boston Consulting Group прогнозига кўра, Ўзбекистонда 2035 йилгача электр энергияси истеъмоли икки баравар ўсиб, ҳозирги 68 млрддан 123 млрд kWhʼга етади.

2035 йилга бориб Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли икки баробарга ошади — BCG

Тошкентда Franklin Templeton ва Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) ташаббуси билан ўтказилган «Инвесторлар куни» форумида энергетика бозорининг истиқболлари муҳокама қилинди. Boston Consulting Group (BCG) ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатдаги электр энергияси истеъмоли 2035 йилгача қарийб икки баробарга ўсиб, 123 млрд kWhʼга етиши кутилмоқда.

Асосий ўсиш саноат, аҳоли, транспорт ва рақамли инфратузилма ҳисобига таъминланади. Саноат корхоналари истеъмолини 27 млрддан 56 млрд kWh гача, аҳоли сектори эса 19 млрддан 28 млрдгача оширади. Электр иситиш тизимларига ўтиш яна 10 млрд kWh қўшимча талаб яратади. Электротранспорт ҳисобига истеъмол 1,6 млрддан 5,5 млрд kWh гача кўпайиши, дата-марказлар фаолияти эса 9 млрд kWh гача электр сарфини талаб қилиши кутилмоқда.

Ривожланаётган талабни қондириш учун 34 ГВт қувватдаги янги энергия манбаларини ишга тушириш режалаштирилган. Бунинг асосий қисми қуёш ва шамол электр станциялари ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, 9 минг километр электр узатиш линиялари, 30 дан ортиқ юқори кучланишли подстанциялар ва 800 га яқин тақсимлаш узеллари қурилади.

BCG директори Игор Алексеевнинг таъкидлашича, ҳукумат энергетика соҳасини 2035 йилгача ривожлантириш бўйича стратегияни тасдиқлаган. Унга кўра, 2028 йилгача электр энергияси улгуржи бозори йўлга қўйилади, соатбай тариф тизими жорий этилади, RAB-тариф модели ишга туширилади ҳамда хусусий операторлар тармоқларни бошқаришга жалб этилади. Шу билан бирга, йирик давлат компанияларини IPO орқали бозорга чиқариш режаси ҳам бор.

 

Теглар

Мавзуга оид