Logo

«Microsoft»да «қизил код» жорий этилди

12–13 ноябр кунлари юз берган ва қарийб бир сутка давом этган техник носозлик «Microsoft» тарихидаги энг йирик узилишлардан бирига айланди. «Reuters» қўлга киритган ички ҳужжатлар компаниянинг фавқулодда иш режимига ўтганини кўрсатмоқда.

«Microsoft»да «қизил код» жорий этилди © REUTERS

 «Microsoft» 12–13 ноябр кунлари юз берган йирик техник носозликдан кейин компания ичида «Code Red» («Қизил код») деб номланган фавқулодда иш режимини жорий этди. Қарийб 24 соат давом этган узилиш «Exchange Online», «Outlook», «Teams», «Copilot» ва «Microsoft 365» экотизимидаги бошқа хизматларга таъсир кўрсатди.

Компаниянинг ички ҳужжатларини ўрганган «Reuters» маълумотига кўра, бу ҳодиса «Microsoft»нинг «Exchange Online» электрон почта хизмати тарихида мижозларга энг катта таъсир ўтказган узилиш бўлди. Носозлик пайтида муҳандислар 11 та «Teams» гуруҳида 11 мингдан ортиқ хабар алмашган, бироқ муаммо сабабини аниқлаш ва ҳаракатларни мувофиқлаштиришда қийинчиликларга дуч келган.

«Microsoft» ҳодисани июл ойида жорий этилган, аммо ўз вақтида аниқланмаган «Windows» дастурий нуқсони билан изоҳлади. Компания киберҳужум ёки сунъий интеллект агентларининг аралашувига оид аломатлар топилмаганини билдирди.

Энди «Microsoft» техник носозликларга жавоб бериш тизимини ўзгартириш, серверлар ўртасидаги юкламани бошқариш ва келгусида бутун дунё бўйлаб хизматларни бир соат ичида тиклаш устида ишламоқда.

24 соатлик узилиш «Microsoft»нинг бир нечта хизматларига таъсир қилди

Носозлик 12 ноябр куни бошланиб, 13 ноябргача давом этди. «Microsoft»нинг 20 ноябрдаги ҳисоботига кўра, узилиш 12 ноябр соат 16:20 UTC да бошланиб, 13 ноябр соат 16:10 UTC да якунланган — жами қарийб 23 соат 50 дақиқа.

Муаммо дастлаб «Exchange Online» электрон почта хизматининг серверларга уланиш инфратузилмасида юзага келди. Натижада кўпчилик фойдаланувчилар «Outlook» орқали почта қутисига кира олмади, хатларни юбориш ва қабул қилишда кечикишлар кузатилди.

Носозлик фақат электрон почта билан чекланиб қолмади — «Exchange Online» маълумотларидан фойдаланувчи бошқа хизматларда ҳам турли даражадаги узилишлар рўй берди. Жумладан:

·         «Outlook»: электрон хатларни очиш, юбориш ва қабул қилишда муаммолар кузатилди.

·         «Microsoft Teams»: тақвим, қидирув, фойдаланувчиларнинг онлайн ҳолатини кўрсатиш ва каналларни бошқаришнинг айрим функциялари ишламай қолди.

·         «Microsoft 365 Copilot»: кўпчилик фойдаланувчилар дастурнинг компютер ва веб-версияларини очиш ҳамда сўровларни бажаришда қийинчиликка дуч келди.

·         «SharePoint» ва «OneDrive»: дастлабки босқичда айрим функциялар секинлашди ёки ишдан чиқди.

·         «Microsoft Defender» ва «Purview»: хавфсизлик назорати ҳимояланган маълумотлар билан ишлаш жараёнлари кечикди.

«Microsoft» ҳисоботида бу хизматларнинг барчаси тўлиқ тўхтаб қолмагани қайд этилган. Айримлари трафикни бошқа тармоқ инфратузилмасига ўтказиш орқали «Exchange Online»га нисбатан эртароқ тикланган, бироқ уларнинг «Exchange Online» маълумотларига боғлиқ функцияларида муаммолар сақланиб қолган.

Узилиш оқибатлари турли ташкилотлар фаолиятида ҳам сезилди. «Reuters» маълумотига кўра, Австралия, Япония ва АҚШдаги давлат идоралари, молиявий ташкилотлар ва авиакомпанияларнинг айрим жараёнлари издан чиққан, жумладан, электрон алоқага боғлиқ савдо операциялари ва авиакомпаниялар коммуникациясида кечикишлар юзага келган.

Носозликка июл ойида киритилган дастурий ўзгариш сабаб бўлган

«Microsoft»нинг якуний ҳисоботида узилишга бир-бири билан боғлиқ бир нечта техник омил сабаб бўлгани тушунтирилган.

Асосий муаммо «Microsoft 365» хизматларининг «Exchange Online» учун ишлатиладиган тармоқ серверларида аниқланган «Windows» дастурий нуқсони билан боғлиқ. Дастурий ўзгариш 2026 йил июл ойида жорий этила бошланган, бир неча ҳафта давомида босқичма-босқич бутун тизимга тарқатилган ва уч ойдан ортиқ вақт давомида муаммосиз ишлаган. Бироқ серверларга тушадиган юклама муайян шароитда кескин ошгач, яширин нуқсон уларнинг ишдан чиқишига олиб келган.

«Қизил код» доирасида қандай ўзгаришлар амалга оширилади?

«Microsoft» эълон қилган «Code Red» ташаббуси техник носозликларнинг олдини олиш ва уларга жавоб бериш тизимини қайта кўриб чиқишга қаратилган.

«Reuters» кўрган ички ҳужжатларга кўра, иш режаси бешта йўналишни қамраб олади. Улар орасида серверларга тушадиган ортиқча юкламани чеклаш, трафикни географик ҳудудлар бўйича тақсимлаш ва хизматларни тиклаш механизмларини тезлаштириш бор. Компания келгусида глобал узилишларни бир соат ичида бартараф этишни мақсад қилган.

Бундан ташқари, муҳандислар тизим ҳолати ҳақидаги диагностик маълумотларни тезроқ таҳлил қилиши учун сунъий интеллект агентларидан фойдаланиш режалаштирилган.

Рақамли инфратузилмага қарамлик масаласи яна кун тартибига чиқди

«Microsoft»даги узилиш булутли технологияларга таянадиган ташкилотлар учун хизматлар узлуксизлигини таъминлаш масаласини яна бир бор долзарб қилиб қўйди. Замонавий компаниялар ва давлат идоралари электрон почта, ҳужжат алмашинуви, видеоконференция ва файлларни сақлаш каби хизматларни ягона рақамли платформалар орқали юритмоқда. «Microsoft 365» экотизимидаги ҳодиса бир нечта хизматнинг умумий инфратузилмага боғлиқлиги техник носозлик таъсирини кенгайтириши мумкинлигини кўрсатди.

 

Teglar

Mavzuga oid