Logo

Ўзбекистондаги савдо корхоналарининг 22,4 фоизи пойтахтда жойлашган  — статистика

Bugun 14:352 daqiqa

Жами кўрсаткич 181 мингдан ошган. Ҳудудлар кесимида эса энг юқори кўрсаткич Тошкентда, энг пасти Сирдарёда қайд этилди.

Ўзбекистондаги савдо корхоналарининг 22,4 фоизи пойтахтда жойлашган  — статистика © Ijtimoiy tarmoqlar

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026-йил 1-ноябр ҳолатига Ўзбекистонда савдо соҳасида 181 минг 146 та корхона ва ташкилот фаолият кўрсатмоқда.

Уларнинг 40 минг 529 таси Тошкент шаҳрида жойлашган. Бу республикадаги жами савдо корхоналарининг 22,4 фоизини ташкил этади.

Ҳудудлар орасида иккинчи ўринни Тошкент вилояти эгаллаган. У ерда 18 минг 759 та корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг республикадаги умумий кўрсаткичдаги улуши 10,4 фоизга тенг.

Самарқандда эса 17 минг 387 та савдо корхонаси рўйхатга олинган бўлиб, бу жами кўрсаткичнинг 9,6 фоизини ташкил қилади. Шу тариқа, Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Самарқанд ҳиссасига мамлакатдаги барча савдо корхоналарининг 42,4 фоизи тўғри келади.

Фарғона 14 минг 968 та корхона билан кейинги ўринда турибди. Бу республикадаги савдо корхоналарининг 8,3 фоизидир.

Қашқадарёда 11 минг 049 та корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг улуши 6,1 фоизга тенг. Андижонда 10 минг 721 та, Наманганда эса 10 минг 644 та корхона қайд этилган. Ҳар икки ҳудуднинг умумий кўрсаткичдаги улуши мос равишда 5,9 фоиздан.

Сурхондарёда савдо соҳасидаги корхоналар сони 10 минг 083 тани ташкил этган. Бу мамлакат бўйича жами корхоналарнинг 5,6 фоизидир.

Хоразмда 9 минг 825 та (5,4 фоиз), Бухорода 9 минг 223 та (5,1 фоиз) ва Навоийда 8 минг 342 та (4,6 фоиз) савдо корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Қорақалпоғистонда эса ушбу кўрсаткич 8 минг 180 тага тенг бўлиб, республикадаги жами корхоналарнинг 4,5 фоизини ташкил этади.

Жиззахда савдо соҳасидаги корхоналар сони 6 минг 733 тани ташкил қилган. Бу умумий кўрсаткичнинг 3,7 фоизига тўғри келади. Сирдарё эса ҳудудлар орасида энг кам кўрсаткични қайд этган. Вилоятда жами 4 минг 703 та савдо корхонаси фаолият юритмоқда. Уларнинг республикадаги улуши 2,6 фоизга тенг.

Энг кўп ва энг кам кўрсаткич қайд этилган ҳудудлар таққосланганда эса, Тошкент шаҳридаги савдо корхоналари сони Сирдарёдагидан қарийб 8,6 баробар кўп экани маълум бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввлроқ Ўзбекистонда 2026-йилнинг дастлабки тўққиз ойида қанча озиқ-овқат ишлаб чиқарилгани маълум қилинганди.

Teglar