АҚШда 1 млн доллар ютган мигрант кўп ўтмай қўлга олинди
Эркак 10 долларлик лотерея чиптаси орқали миллион доллар ютиб олган. Бироқ унинг АҚШда қонуний яшаш ҳуқуқи бўлмагани сабабли ютуқни қўлга киритганидан олти кун ўтиб ҳибсга олинган.
© Fox newsАҚШнинг Массачусетс штатида 1 млн долларлик лотерея ютуғини қўлга киритган салвадорлик мигрант Ариэл Антонио Веласкес-Моралес Иммиграция ва божхона хизмати (ICE) ходимлари томонидан ҳибсга олинди. Бу ҳақда «Fox News» хабар берди.
Маълум қилинишича, эркак 18-ноябр куни 10 долларга сотиб олган «$2,000,000 50X Cashword» номли лотерея чиптаси орқали 1 млн доллар ютган. 21-ноябр куни штат лотереяси ташкилоти унинг катта рамзий чек билан тушган суратини ижтимоий тармоқларда эълон қилган.
Бироқ 24-ноябр куни ICE ходимлари уни Бостон шаҳрининг Ист-Бостон ҳудудида қўлга олган. Нашр манбаларига кўра, эркак ҳибсга олиниш вақтида қочишга уринган, аммо кўп ўтмай ушланган.
Нашрга кўра, Веласкес-Моралес 2013-йилда Техас штатидаги Рома шаҳри яқинида АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтган. 2014-йил апрел ойида унга нисбатан мамлакатдан депортация қилиш бўйича якуний қарор чиқарилган. Шундан буён у иммиграция хизмати томонидан қидирувда бўлган.
Массачусетс штатида 18 ёшга тўлган шахслар АҚШ фуқароси бўлиш-бўлмаслигидан қатъи назар, лотерея чипталарини сотиб олиши мумкин. Шу боис нашр Массачусетс губернатори Маура Ҳили маъмурияти ва штат лотереяси ташкилотидан воқеага изоҳ сўраган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШда лотареяда ютилган маблағдан қанча фоизи солиқларга кетиши малум қилинганди.





