Logo

Тошкент метросида аёллар учун алоҳида вагонлар жорий этилмайди

Bugun 19:452 daqiqa

«Тошкент метрополитени» бунга ер ости бекатлари конструкцияси ва кунлик 1,2 млн йўловчи оқимини сабаб қилиб кўрсатди.

Тошкент метросида аёллар учун алоҳида вагонлар жорий этилмайди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Тошкент метрополитенида аёллар учун алоҳида вагонлар ташкил этиш режалаштирилмаяпти. Бу ҳақда «Тошкент метрополитени» АЖ Чилонзор электрдепоси бошлиғи Рустам Шафиков метро ривожига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилди.

Қайд этилишича, бунга ёпиқ усулда қурилган аксарият ер ости бекатларининг конструктив хусусиятлари асосий сабаблардан бири бўлмоқда. Бундай инфратузилма алоҳида вагонларни ташкил этиш учун зарур бўлган ҳудудий кенгайтириш имкониятини назарда тутмайди. Бундан ташқари, йўловчи оқимининг юқорилиги ҳам қўшимча тўсиқ бўлиб қолмоқда.

Таъкидланишича, 2021–2026 йиллар давомида кунлик йўловчи оқими 290 минг кишидан 1,2 миллион кишигача ошган. Йиллик ташиш ҳажми эса 295 миллион йўловчига етган. Бундай юклама шароитида аёллар учун алоҳида вагонларни ташкил этиш йўловчиларни тақсимлаш ҳамда поездлар сиғимидан фойдаланишда қўшимча қийинчиликлар туғдиради.

Расмийга кўра, айни пайтда метрополитен ҳаракат таркибини кенгайтиришда давом этмоқда. 2021 йилда 36 та поезд эксплуатация қилинган бўлса, 2026 йилга келиб уларнинг сони 70 тага етган.

Билдирилишича, корхона 2027–2028 йилларда яна 28 та янги беш вагонли поезд харид қилишни режалаштирмоқда. Шунингдек, аввал сотиб олинган таркиблар сиғимини тўрт вагонлидан беш вагонлига ошириш мақсадида қўшимча 40 та вагон харид қилиш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, Тошкент метрополитени инфратузилмани кенг кўламда ривожлантиришга тайёргарлик кўрмоқда. Тақдим этилган ривожланиш режаларига мувофиқ, 2035 йилга бориб метро тармоғининг узунлиги ҳозирги 71 километрдан тахминан 140–141 километргача узайтирилиши лозим.

Teglar

Mavzuga oid