Бошланғич нархи 2,49 млрд сўм бўлган автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси якунда 17 млрд сўмга сотилди.
2026-йил 25-ноябр куни онлайн аукцион савдоларига 753 та лот чиқарилди. Шундан бошланғич қиймати 105,5 млрд сўм бўлган 370 та лот жами 131,5 млрд сўмга сотилди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги маълум қилди.
Давлат мулки ижарага берилди, корхоналар объектлари сотилди
Давлат мулкини ижарага бериш бўйича 38 та лот харидор топди. Уларнинг бошланғич нархи 2,9 млрд сўм бўлган бўлса, савдо натижасида ижара тўловлари 3,6 млрд сўмга етди.
Жумладан, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги Термиз давлат университети балансида бўлган бўш бинонинг йиллик ижара нархи 2,43 млрд сўмдан 2,55 млрд сўмга кўтарилди.
Шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналарга тегишли 88 та мулк объекти сотилди. Уларнинг бошланғич қиймати 73,8 млрд сўмни ташкил этган бўлса, савдо якунида 75,4 млрд сўмга реализация қилинди.
Ер участкалари 48,4 млрд сўмга сотилди
Аукционда умумий майдони 46,5 гектар бўлган 157 та ер участкаси харидор топди. Уларнинг бошланғич нархи 25,5 млрд сўм бўлган, савдо натижасида эса умумий қиймати 48,4 млрд сўмни ташкил этди.
Жумладан, Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси қуриш учун ажратилган ер участкаси 17 млрд сўмга сотилди. Унинг бошланғич нархи 2,49 млрд сўм этиб белгиланган эди.
Қишлоқ ва деҳқон хўжалиги учун мўлжалланган ер участкаларидан эса 61 таси сотилди. Уларнинг умумий майдони 473 гектарни ташкил этади. Бошланғич қиймати 2,6 млрд сўм бўлган ушбу лотлар савдо якунида 2,9 млрд сўмга реализация қилинди.
Бошқа лотлар ҳам савдога қўйилди
Бошқа тоифадаги 26 та лотнинг бошланғич нархи 700 млн сўм бўлган. Савдо натижасида улар 1,2 млрд сўмга сотилди. 25-ноябр куни ўтказилган аукционларда жами 636 нафар жисмоний ва юридик шахс иштирок этди.
Агентлик маълумотига кўра, айни вақтда умумий қиймати 40,6 трлн сўм бўлган 120 минг 716 та лот онлайн савдоларга қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, 24-ноябр куни ўтказилган онлайн аукционларда жами 216,8 млрд сўмлик мол-мулк сотилган эди.