Logo

«Энди ҳамма нарсага пулимиз йўқ». Германия канцлери аҳолини давлат харажатлари қисқаришига тайёрланишга чақирди

Bugun 21:152 daqiqa

У давлат солиқ тушумлари аввалгидек барча харажатларни қоплай олмаслигини айтди.

«Энди ҳамма нарсага пулимиз йўқ». Германия канцлери аҳолини давлат харажатлари қисқаришига тайёрланишга чақирди © Michael Kappeler, dpa, Globallookpress

Германия канцлери Фридрих Мерц мамлакат аҳолисини давлат харажатлари қисқаришига тайёрланишга чақирди. Бу ҳақда «Süddeutsche Zeitung» нашри хабар берди.

«Энди ҳамма нарсага пулимиз йўқ. Шу билан бирга, бу ерда ўтирган барчамиз ўзимизга одатий ва қадрли бўлиб қолган айрим қарашлардан воз кечишимизга тўғри келади», — деди Мерц бундестагдаги бюджет муҳокамаси чоғида.

Унинг сўзларига кўра, келажакда давлат солиқ тушумлари ҳисобидан «биз узоқ йиллар давомида қаттиқ ўрганиб қолган барча нарсани» қоплай олмайди — акс ҳолда, фарзандлар ва набиралар авлодида «сиёсий қарорлар учун эркин сарфлайдиган маблағ қолмайди».

У мамлакат «ушбу мажбурий чекловларни англаб етиши» ҳамда «ким бўлмоқчилигимиз ва нимага эга бўлишни исташимизни» ҳал қилиб олиши кераклигини қўшимча қилди.

Муҳокамалар давомида Мерц бюджет лойиҳасини танқид қилган «Германия учун муқобил» партиясига ҳам жавоб қайтарди. Унинг таъкидлашича, АдГ Путин «фақат Украина билан чекланиб қолмаслигини» тушунмаяпти.

«Буни англаб етмаган одам ё бу дунёни тушунмайди, ёки мамлакатимизнинг эркинлиги, очиқлиги ва либераллиги борасида бутунлай бошқа мақсадларни кўзламоқда», — деди Мерц.

Сўнгги ҳафталарда Германиянинг ҳукмрон коалицияси ичида 2027 йилги федерал бюджет юзасидан музокаралар ўтказилди. Унда қизғин баҳсларга сабаб бўлган бир нечта асосий масалалар бор — хусусан, ГФР тарихидаги энг юқори, тахминан 560 миллиард евролик рекорд харажатлар шулар жумласидандир. Мухолифат ушбу бюджет лойиҳасини (жумладан, Украинага кўрсатилаётган ёрдам туфайли) танқид қилмоқда, Мерцни эса сиёсий лаёқатсизликда айбламоқда. Бюджет бўйича якуний овоз бериш 27 ноябрга режалаштирилган, унгача бундестагда дебатлар давом этмоқда.

Teglar

Mavzuga oid

«Энди ҳамма нарсага пулимиз йўқ». Германия канцлери аҳолини давлат харажатлари қисқаришига тайёрланишга чақирди | Vaqt.uz