Депутатлар Ўзбекистонда 12 йиллик таълимга ўтиш бўйича қонунни қабул қилди
Янги тартибга кўра, 6 ёшли болалар учун бир йиллик мажбурий тайёрлов умумий ўрта таълимнинг биринчи босқичига айланади. Бунда 12-синф ташкил этилмайди.
© Ijtimoiy tarmoqlarЎзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг кеча, 24 ноябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатлар бир йиллик мактабга тайёрловни мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида белгилашни назарда тутувчи қонунни қабул қилди. Унга кўра, мажбурий умумий ўрта таълим муддатини 11 йилдан 12 йилгача узайтириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар берди.
Қонун лойиҳаси «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги ҳамда «Таълим тўғрисида»ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади. Унга мувофиқ, бир йиллик мактабга тайёрлов мактабгача ва умумтаълим ташкилотларида ташкил этилиб, ҳар бир боланинг ушбу тайёргарликдан ўтиш ҳуқуқи давлат томонидан кафолатланади.
Мажлисда қайд этилишича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши мактабгача ва мактаб таълими ўртасидаги узвийликни таъминлаш, таълим тизимини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ҳамда фуқароларга хорижий давлатлардаги ўқиш фаолияти учун қулай шароит яратишга хизмат қилади.
Мактабга тайёрлов бепул бўлади
Депутат Сайёра Имомованинг маълум қилишича, ҳозирда мамлакатда мактабгача таълим билан қамров 78 фоизга, олти ёшли болалар қамрови эса 98 фоизга етган. Мажбурий бир йиллик мактабга тайёрловга ўтиш 2018 йилда бошланган бўлиб, 2027 йилда олти ёшли болаларни тўлиқ — 100 фоиз қамраб олиш мақсад қилинган.
Қонунга кўра, тайёрлов гуруҳлари мактабгача таълим ташкилотларида, мактабларнинг бўш синфхоналарида, шунингдек, мактаб ва боғчалар мавжуд бўлмаган чекка ҳудудлардаги ижтимоий соҳа объектлари, хусусан, «Келажак» марказлари ва бошқа таълим масканларида ташкил этилади.
«Айни пайтда 4000 дан ортиқ мактабда бўш турган хоналар негизида тайёрлов гуруҳлари ташкил этилган. Шунингдек, яна 191 та мактабда 246 та тайёрлов гуруҳини ташкил этиш режалаштирилган. Ўқув машғулотларини олиб бориш учун мактабгача таълим ташкилотларида боғча тарбиячилари, мактабларда эса юқори малакали педагоглар жалб этилади», — деди Сайёра Имомова.
Депутатнинг таъкидлашича, айни пайтда тайёрлов гуруҳлари педагог кадрлар билан 98 фоиз таъминланган. Бу кўрсаткични 100 фоизга етказиш учун қўшимча 800 та гуруҳ ташкил этиш ва қарийб 20 мингта янги ўрин яратиш талаб этилади. Бу билан боғлиқ харажатлар 2027 йилги давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
Давлат муассасалари, мактаблар ва боғчаларда мактабга тайёрлов бепул амалга оширилади. Шу билан бирга, қонун нодавлат таълим ташкилотларида ҳам тайёрлов гуруҳларини очишга рухсат беради ва ота-оналар хусусий муассасаларни танлаши мумкин. Бундай гуруҳларда машғулотлар алоҳида дастур асосида ўйин усули орқали ўтказилади, кейинчалик дастурлар босқичма-босқич халқаро амалиёт талабларига мослаштирилади.
Олти ёшли болаларнинг мақоми ва ижтимоий объектлар
Муҳокамалар жараёнида депутат Сайдулло Азимов олти ёшли болалар янги тизимда мактаб ўқувчиси ёки мактабгача ёшдаги бола сифатида ҳисобланишига аниқлик киритишни сўради. Унинг сўзларига кўра, бу масала келгусида статистик маълумотларга таъсир қилиши мумкин.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги департаменти бошлиғи Эркин Муродов амалдаги «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги қонунда мактабгача ёш 7 ёшгача бўлган давр сифатида белгиланганини ва бу норма ўзгаришсиз қолишини маълум қилди.
«Албатта, мактабгача таълим ташкилотлари тўлиқ гуруҳларида мактабга тайёрловдан ташқари кун бўйи бошқа машғулотлари, кун тартиблари бор. Агар биз бу ёшни ўзгартирадиган бўлсак, эртага мактабгача таълим ташкилотларига фарзандларини берган 600 мингга яқин ота-оналарга қийинчилик юза келади», — деди Эркин Муродов.
Депутат Дилмурод Ортиқов эса қўмита ўрганишлари давомида қонунчиликда «мактаб ёши» тушунчасининг ўзи мавжуд эмаслиги аниқланганини, асосий мақсад бир йиллик тайёрловни умумий ўрта таълимнинг босқичи сифатида белгилашдан иборат эканини билдирди.
Шунингдек, Эркин Муродов таҳлилларга кўра мамлакатда мактабга тайёрловни ташкил этиш мумкин бўлган 101 та ижтимоий объект — техникумлар, маҳаллий идоралар, мусиқа ва санъат мактаблари мавжудлигини қайд этди. Улардаги жараён мактабгача таълим ташкилоти томонидан мувофиқлаштирилади ва алоҳида реестр юритилади.
Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов эса тайёрлов ташкил этиладиган аниқ жойларни кўрсатиш ўрнига, ҳар бир боланинг мажбурий тайёрловдан ўтиш ҳуқуқи давлат томонидан кафолатланишини белгилашни таклиф қилди. У мактабга қатнай олмайдиган болалар учун ўқитувчиларнинг уйга бориб дарс ўтиши тизими аллақачон мавжудлигини эслатди.
Депутатлар янги тизимни жорий этишга таълим муассасаларини тайёрлаш учун камида олти ой вақт кераклигини таъкидлади. Сенатда кўриб чиқилганидан сўнг ҳужжат имзолаш учун президентга юборилади.





