Logo

Икки вилоятда 15 минг доллардан ортиқ наркотик моддалар савдосининг олди олинди

Bugun 11:051 daqiqa

Рейд давомида 1 афғонистонлик ҳам ушланган. Мусодара қилинган гиёҳвандлик воситаларининг умумий ҳажми 7 килодан ошади.

Икки вилоятда 15 минг доллардан ортиқ наркотик моддалар савдосининг олди олинди

Термиздаги халқаро савдо марказида 1986-йилда туғилган Афғонистон фуқароси 6 кг 342 грамм гашишни 15 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида қўлга олинган.

Маълум қилинишича, хорижлик ушбу моддани мамлакатга контрабанда йўли билан олиб кирган ва сотишга мўлжалланган чопонлар орасига яширган.

Давлат хавфсизлик хизматининг яна бир рейдида эса Андижон вилояти Пахтаобод туманида 1986-йилда туғилган, аввал гиёҳвандлик воситалари савдоси учун судланган шахснинг хонадони текширилган. У ердан 1 кг 157 грамм гашиш ва 1 946 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситаси топилган. 

Шунингдек, ундан «Регапен» сотиб олмоқчи бўлган 2001-йилда туғилган фуқаро ҳам ушланган. Унинг ёнидан 1,5 грамм гашиш ва икки дона «Регапен» олинган.

Ҳар икки ҳолат бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода 35 минг АҚШ долларига симоб сотган шахслар қўлга олинганди.

Teglar

Mavzuga oid