Тошкент ва Андижон ҳокимликлари бюджетдан умумий ҳисобда 3,27 млрд сўм ишлатади
Бу пулларга Нурафшон шаҳридаги Янги Ўзбекистон боғида суғориш тизими ишга туширилиб, майсалар ва кўчатлар экилади. Андижон туманларида эса ерлар тоифасини ўзгартириш бўйича ҳужжатларни тайёрлашга сарфланади.
© ijtimoiy tarmoqlarТошкент вилояти ҳокимининг фармойишига кўра, вилоят бюджетининг иккинчи чорак даромадлар режаси ортиғи билан бажарилган қисмидан 2,1 миллиард сўм ажратилади.
Маблағ Нурафшон шаҳридаги «Nurafshon Biznes City» ҳудудида жойлашган Янги Ўзбекистон боғини ободонлаштиришга сарфланади. Жумладан, боғда суғориш тизими ишга туширилади, майсалар ва турли хил кўчатлар экилади, «брусчатка» ётқизилади ҳамда кўл атрофига панжара ўрнатилади.
Ушбу маблағ «Тошкент вилоятида бизнес марказларини қуриш дирекцияси» давлат унитар корхонасига ажратилади. Унинг мақсадли сарфланиши Давлат молиявий назорати инспекцияси вилоят бошқармаси томонидан назорат қилинади.
Андижонда ерлар тоифасини ўзгартириш учун маблағ ажратилади
Андижон ҳокимининг қарори билан эса вилоят бюджетининг 2026-йилги захира жамғармасидан 1 миллиард 170,4 миллион сўм йўналтирилади.
Маблағ туманлардаги ер майдонларини ер фондининг бир тоифасидан бошқасига ўтказиш учун зарур лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишга сарфланади. Пуллар вилоят ҳокимлиги ишлар бошқармасига берилади.
Қарорга мувофиқ, вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси 2026-йилги харажатлар режасига ўзгартириш киритади. Вилоят Ғазначилик хизмати бошқармаси эса маблағларни белгиланган тартибда молиялаштиради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев Нурафшон шаҳрининг «Янги Ўзбекистон боғи» ҳудудидаги амфитеатр биносини таъмирлаш учун 7 миллиард сўм, Андижон ҳокими эса Тошкент шаҳрида ўтказиладиган тадбир учун 602 миллион 704 минг сўм ажратганди.





