Ўзбекистонда 37 та ташкилот филм молиялаштиради. Улар орасида 3 та банк ҳам бор
Маданият вазирлиги муассислигида масъулияти чекланган жамият шаклида «Ўзбекфилм» миллий кинокомпанияси ташкил этилади. Энди соҳада давлат буюртмаси тартиби бекор қилиниб, лойиҳалар питчинг асосида 100 фоиз хусусий сектор иштироки билан давлат бюджети субсидияси ҳисобидан молиялаштирилади. Тугатилаётган агентлик ва унинг тизим ташкилотларига тегишли 12 та давлат мулки объекти оммавий сотувга қўйилиб, улардан тушган пуллар миллий кинокомпанияга берилади.
© WikimediaПрезидент 21-ноябрда «Кинематография соҳасига замонавий бошқарув усулларини жорий қилиш ва «Ўзбекфилм» миллий кино брендини яратишни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга имзо чекди. Бу ҳужжат билан 37 та вазирлик ва давлат корхонаси ҳар йили биттадан филмни молиялаштиради.
Давлат раҳбарининг фармонига асосан, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги, унинг ҳузуридаги Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармаси, қолаверса, «Ўзбекфилм» миллий киноконцерни, Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси (хроникал фильмлар ишлаб чиқариш Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига ўтади), «Қорақалпоқкино» агентлиги, «Шарқ юлдузи кино», «Дўрмон» киноижодкорлар уйи, «Ёшлик» киностудияси ҳамда 13 та ҳудудий бўлим тугатилади.
Маданият вазирлиги муассислигида масъулияти чекланган жамият шаклида «Ўзбекфилм» миллий кинокомпанияси ташкил этилади. Энди соҳада давлат буюртмаси тартиби бекор қилиниб, лойиҳалар питчинг асосида 100 фоиз хусусий сектор иштироки билан давлат бюджети субсидияси ҳисобидан молиялаштирилади.
Умумий ҳисобда 37 та ташкилот 2027 йилдан бошлаб ҳар йили март ойида ўз маблағлари ҳисобидан биттадан филм ишлаб чиқариш учун «Ўзбекфильм» миллий кинокомпаниясига пул ажратади. Улар орасида Бош прокуратура, 12 та вазирлик, 5 та қўмита ва қатор ташкилотлар бор. Жумладан, Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари, «Ўзбектелеком», «Навоийуран», «Ўзбекгидроэнерго», «Ўзтрансгаз», «Ўзбекнефтгаз», «Ҳудудгазтаъминот», «Uzbekistan Airways», «Ўзбекистон темир йўллари» бор. Банклардан эса «O‘zmilliybank», «O‘zsanoatqurilishbank» ва «Agrobank» пул беради.
Кейинги йилдан Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ҳисобидан ҳар уч йилда биттадан кинолойиҳага, Савдо-саноат палатасининг Тармоқларни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан эса ҳар йили 10 тадан кинолойиҳага маблағ ажратиб борилади. Ушбу филмлардан фойдаланишга бўлган мутлақ ва мулкий ҳуқуқлар «Ўзбекфилм» миллий кинокомпаниясига тегишли бўлади.
2027-йил март ойигача 1924-йилдан буён давлат маблағлари ва студиялари томонидан яратилган барча фильмлар тўлиқ хатловдан ўтказилади. 2028-йил 1-январдан давлат ҳисобидан олинган барча филмлар ва давлат архивларидаги кино мероси объектлари рақамли форматда бепул асосда «Ўзбекфилм» онлайн кино платформасига мажбурий тақдим этиб борилади, хусусий студиялар филмлари эса шартнома асосида жойлаштирилади.
Айрим бинолар сотувга чиқарилади
Тугатилаётган агентлик ва унинг тизим ташкилотларига тегишли 12 та давлат мулки объекти оммавий сотувга қўйилади. Улар орасида Тошкент шаҳридаги «Ғунча» кинотеатри, Миллий кинофонд маъмурий биноси, собиқ кинопрокат корхонаси биноси, Бўстонлиқ тумани Нанай қишлоғидаги 5,2 гектарлик «Динап» суратга олиш майдони, Самарқанддаги «Қўшработ» кинотеатри ҳамда 6 та ҳудудий бўлимнинг маъмурий бинолари бор. Бу объектларни сотишдан тушган пулларнинг ҳаммаси «Ўзбекфилм» миллий кинокомпаниясига берилади.
Кинокомпаниянинг 10 гектар ер майдонида ягона индустриал кластер — «Ўзбекфилм» кино шаҳарчаси ҳамда Dolby Atmos технологияси асосидаги студия билан жиҳозланган замонавий Дубляж ва овозлаштириш маркази барпо этилади. Ушбу объектларни 2027-йилда қуриб, жиҳозлаш режалаштирилган. Тошкентда эса маҳаллий бюджет ҳисобидан болалар киноижодкорлиги мактаби ва платформаси ташкил этилади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманидаги «Кўҳинур» санаторийси мулкий мажмуаси «Ўзбекфилм» миллий кинокомпаниясига бегараз мулк ҳуқуқи билан берилади. Шунингдек, федерация тизимидаги санаторийларда ҳар йили 300 нафаргача соҳа вакилининг бепул дам олиши ва соғлиғини тиклаши учун йўлланмалар ажратилади.
Иш ҳақи ва субсидия
Филм ижодкорлари ва техник хизмат кўрсатувчи ходимларнинг гонорари (иш ҳақи) шартнома, шу жумладан, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида эркин белгиланади. Киностудияларга филмни ишлаб чиқариш жараёнида филм бюджетининг 10 фоизигача миқдорда нақд пул билан ҳисоб-китоб қилишга рухсат этилади. Бунда нақд пул билан боғлиқ харажатлар бўйича филм директори (продюсер), режиссёр ва хизмати учун нақд пулни олган шахс томонидан далолатнома тузилади ва у солиқ органига топширилади. Миллий сериаллар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун ҳар йили «Ўзбекфилм» миллий кинокомпаниясига 12 миллиард сўмдан кам бўлмаган миқдорда субсидия маблағлари ажратилади.
Аудиовизуал асарлар (кино, сериал, мультфильм, ҳужжатли филм, телекўрсатув) яратишда республика ҳудудида амалга оширилган харажатларнинг бир қисмини Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш (rebate) бўйича белгиланган компенсациялар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан тўлаб берилади ва бу мақсадлар учун ҳар йили 20 миллиард сўм маблағ ажратилади. Бунда хорижий кинокомпаниялар учун харажатлар суммасининг қоплаб бериладиган миқдорлари қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.
«Ўзбекистон миллий кинофонди» давлат муассасаси «Ўзбекфилм миллий кинофонди» давлат муассасаси деб қайта номланиши муносабати билан унинг амалдаги 17 та штат бирлиги, ходимларига 50 фоиз миқдорида шахсий устамалар тўлаш ва Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартиби сақлаб қолинади. «Ўзбекфилм миллий кинофонди» давлат муассасасига молиялаштириш манбаидан қатъи назар, маҳаллий киностудиялар томонидан ишлаб чиқарилган филмлар ва уларнинг бошланғич материаллари, шунингдек, республикада амалга оширилаётган йирик лойиҳалар бўйича тайёрланган видео ва фото материаллари сақлаш учун бир нусхада топширилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирлик ва идоралар, давлат улуши мавжуд хўжалик бирлашмаларига бюджетдан ташқари маблағлар ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан филмлар ишлаб чиқариш учун маблағларни йўналтиришга рухсат этилади.





