
3 килога яқин наркотик моддасини Тошкент шаҳрида сотишни режалаштирганлар қўлга олинди
Маълумотларга кўра, ушбу гиёҳвандлик моддалари Қирғизистон Республикасидаги наркосавдогарлардан сотиб олинган.

Республика миқёсида ўтказилаётган «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг кўламли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар органлари ҳамкорлигида Андижон вилоятининг Бўстон туманидаги йўл-патрул хизмати масканида тезкор тадбир ўтказилган.
Хусусан, «Андижон – Тошкент» йўналишида ҳаракатланаётган «Лаcетти» русумли автотранспорт воситаси тегишли тартибда тўхтатилиб текширилганда, уни бошқариб кетаётган, Андижон шаҳрида яшовчи, 1984 йилда туғилган Ж.Р.га тегишли 2 кг 994 гр «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг жиноий шериги ҳисобланган, 1993 йилда туғилган Ғ.Н. ҳам қўлга олинган.
Аниқланишича, улар Қирғиз Республикасидаги наркосавдогарлардан 23 минг АҚШ долларига сотиб олиниб, контрабанда йўли билан мамлакатимизга келтирилган гиёҳвандлик воситасини Тошкент шаҳрида сотмоқчи бўлишган.
Ҳозирда оғуфурушларга нисбатан Жиноят Кодексининг 28,246-моддаси 2-қисми (контрабанда) ва 25,273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш...) билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 5 килога яқин гиёҳвандлик моддасини редуктор ичига яшириб, чегарадан олиб ўтмоқчи бўлганлар фош этилган эди.





