
35 минг АҚШ долларига симоб сотган шахслар қўлга олинди
Бухорода мамлакатимизда эркин сотилиши тақиқланган, 3 дона флаконда бўлган жами 343 г симоб моддасини 35 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлганлар ашёвий далиллар билан ушланди.

Бухорода 35 минг АҚШ долларига симоб сотган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, Бухоро шаҳрида яшовчи, 1998 йилда туғилган шахс ва Бухоро туманида истиқомат қилувчи, 1984 йилда туғилган фуқаро ўзаро тил бириктириб, мамлакатимизда эркин сотилиши тақиқланган, 3 дона флаконда бўлган жами 343 г симоб моддасини 35 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлган вақтларида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 185-1-моддаси 2-қисми «б», «в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Симоб ва уни ўз ичига олган бирикмаларни эркин сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки ундан маиший шароитда фойдаланишга рухсат берилмайди. Шунингдек, у кучли заҳарлилик даражасига эга бўлиб, мамлакатимиз ҳудудида эркин айланиши тақиқланади.





