50 минг дарахт учун меценат унвони

Кеча 23:242 дақиқа

Ўзбекистонда 50 минг дарахт экканларга «меценат» унвони берилади. Янги фармон экологик рағбатни кучайтирмоқда.

50 минг дарахт учун меценат унвони © Foto: gov.uz

Ўзбекистон Президенти «Яшил макон» лойиҳаси самарадорлигини оширишга қаратилган фармонни имзолади.

Ҳужжатда экологик назоратни кучайтириш ва фуқаролар иштирокини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, 2028-йилга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда камида 100 гектарли янги ботаника ва дендрология боғлари барпо этилади.

Дендрология боғлари мақоми ботаника боғларига тенглаштирилиб, улар муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд сифатида ҳимоя қилинади. Уларни хусусийлаштириш ёки майдонини қисқартириш тақиқланади.

Экологик мақсадлар

Фармонга кўра, 2030-йилгача мамлакатда кўкаламзорлаштириш даражаси 14,2 фоиздан 30 фоизгача оширилади.

Аҳоли жон бошига яшил ҳудудлар майдони 9–10 квадрат метргача кенгайтирилиши режалаштирилган. Шу билан бирга, ҳаводаги PM2.5 ва PM10 зарарли заррачаларини 20–25 фоизга камайтириш кўзда тутилган.

Иқлими оғир ҳудудларда эса ҳаво ҳароратини 1,5–2 даражага пасайтириш мақсад қилинган.

Янги тизимлар

Фармонга мувофиқ, 2027-йилнинг 1-январидан ҳар бир ҳудудда кўчатларнинг ҳолатини доимий кузатиб бориш ва бу соҳага грантлар жалб қилиш учун масъул бўлган «яшиллик элчиси»лар фаолияти йўлга қўйилади.

Шунингдек, «яшил чипта» тизими йўлга қўйилиб, авиация ва жамоат транспортида углерод изини ҳисоблаш имкони яратилади. Энди йўловчилар ва харидорлар бундай чипталарни харид қилиш орқали табиатга кўрсатилган салбий таъсирни ихтиёрий равишда қоплашлари мумкин. Бундан тушган маблағлар дарахт экиш ҳамда уларни парваришлаш ишларига йўналтирилади.

Рағбатлантириш механизми

Фармонда лойиҳа иштирокчиларини рағбатлантиришнинг ўзига хос тизими ҳам кўзда тутилган.

Жумладан, камида 100 та дарахт кўчатлари эккан шахсга ёки дарахт экиш учун «Яшил хайрия жамғармаси» платформасига камида 10 миллион сўм ҳадъя қилган шахсга экофаол фуқаро мақоми берилади.

Қолаверса, камида мингта дарахт кўчатлари экилишини ташкил қилган ёки «Яшил хайрия жамғармаси» платформасига камида 100 миллион сўм ҳадъя қилган тадбиркорлик субъектларига «Эко-ҳамкор» мақоми берилади.

Эллик мингдан кам бўлмаган дарахт кўчатлари экилишини таъминлаган ёки «Яшил хайрия жамғармаси» платформасига камида 5 миллиард сўм ҳадъя қилган шахсларга «Меценат» унвони берилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида камида 5 та «яшил боғ» ва «яшил жамоат парки»ни ўз ҳисобидан барпо қилган шахсларни «Келажак бунёдкори» давлат мукофоти билан тақдирлаш кўзда тутилган.

Теглар

Мавзуга оид