add

85 фоиз ҳолатда журналистлар ўлдирилиши жазосиз қолмоқда — БМТ

2023 йил августидан буён ўтган даврда дунёда 163 нафар журналист ўлдирилди. БМТ бу жиноятларнинг 85 фоизи ҳалигача очилмаган.

85 фоиз ҳолатда журналистлар ўлдирилиши жазосиз қолмоқда — БМТ

UNESCO маълумотларига кўра, 2023 йил августидан 2025 йил майигача бўлган муддатда дунё бўйлаб 163 нафар журналист ўлдирилган. Улардан 109 нафари, жумладан 12 нафар аёл журналист, қуролли низолар ҳудудида ҳалок бўлган — асосан Ғазо (46), Судан (13) ва Украина (8)да.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш бу воқеаларни кескин қоралади. Унинг таъкидлашича, Ғазода халок бўлган журналистлар сони жуда катта ва ҳар бир ҳолат юзасидан мустақил, холис тергов ўтказилиши шарт. Шу билан бирга, Ғазога халқаро журналистларни киритишга қўйилган тақиқни ҳам «қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат» сифатида баҳолади.

Журналистларга қарши зўравонлик нафақат уруш ҳудудларида, балки тинч мамлакатларда ҳам давом этмоқда. Масалан, UNESCOга кўра, Мексикадаги вазият кўплаб можароларга мойил ҳудудларга қараганда ҳам хавфлироқ — бу ерда 15 нафар ОАВ ходими ўлдирилган.

Жами ҳолатлар бўйича етакчи минтақа — араб давлатлари (82), ундан сўнг Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси (34), Осиё-Тинч океани минтақаси (30), Европа ва Шимолий Америка (12), Африка (5) келмоқда.

БМТ 2013 йилда 2 ноябрни «Журналистларга нисбатан жиноятлар учун жазосизликка барҳам бериш халқаро куни» деб эълон қилган. Бу сана Малида ўлдирилган икки француз журналисти хотирасига бағишланган. Ушбу кун оммавий ахборот воситаси ходимларига қарши зўравонлик жиноятларини жазосиз қолдирмаслик зарурлигини эслатиб туради.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг таъкидлашича, давлатлар журналистларни ҳимоя қилиш, уларга қарши жиноятларга нисбатан тезкор, самарали ва мустақил тергов ўтказиш орқали жазосизликка чек қўйишлари шарт.

«Журналистлар сукут сақлашга мажбур қилинганда, бутун жамият ўз овозини йўқотади», — дея огоҳлантирди БМТ раҳбари.

Теглар

Мавзуга оид

85 фоиз ҳолатда журналистлар ўлдирилиши жазосиз қолмоқда — БМТ | Vaqt.uz