9,3 млрд сўмлик давлат харидларида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўрганишлари давомида ўнлаб давлат харидларида қонунбузилиш ҳолатларини аниқлади.
© istockКоррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат харидларида 9,3 млрд сўмдан ортиқ қийматда қонунбузилиш ҳолатларини аниқлади.
Агентлик маълум қилишича, ўрганишлар давлат харидларида шаффофлик ва адолатли рақобатни таъминлаш мақсадида ўтказилган. Таҳлиллар натижасида бир қатор буюртмачилар томонидан харидларни баҳолаш жараёнида қонунчилик талабларига риоя этилмаган.
Энг йирик ҳолат 1,74 млрд сўмлик харидда «Бинолардан фойдаланиш ва қурилиш-таъмирлаш ишлари дирекцияси» буюртмачилигида аниқланган. «Бекобод овқатланиш комбинати» МЧЖда 1,6 млрд сўмлик, Учқўрғон туман тиббиёт бирлашмасида эса 1,55 млрд сўмлик харидлар қонунбузилишлар билан ўтказилган.
Шунингдек, Учқўрғон туман волейбол спорт турларига ихтисослаштирилган давлат мактаб интернатида 1,43 млрд сўмлик, Урганч шаҳар тиббиёт бирлашмасида 824 млн сўмлик харид жараёнларида ҳам қонунчилик талаблари бузилган.
Рақобат чекланган ҳолатлар
Агентлик аниқлаган ҳолатлар фақат йирик харидлар билан чекланмаган. Сурхондарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 790,5 млн сўмлик, Пискент тумани ҳокимлигида 700 млн сўмлик харидларда ҳам қонунбузилишлар қайд этилган.
Бундан ташқари, Янгибозор тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлимида 241,5 млн ва 202,9 млн сўмлик, Навоий шаҳар ободонлаштириш бошқармасида 238,5 млн сўмлик давлат харидлари ўрганилган.
Агентлик маълумотларига кўра, мазкур харидларда баҳолаш жараёнида қонунбузилишларга йўл қўйилган. Айрим ҳолатларда эса иштирокчилар ўртасидаги рақобатни чеклашга олиб келувчи ҳаракатлар аниқланган.
Аниқланган ҳолатлар бўйича Агентлик томонидан буюртмачиларга тақдимномалар киритилган. Натижада харид комиссияларининг ғолибни аниқлаш ҳақидаги баённомалари бекор қилиниб, қонунга хилоф харидларни амалга оширишнинг олди олинган.
Ўрганишлар давомида тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.





