Logo

Охирги 25 йил ичида жаҳон савдо харитаси қандай ўзгарди?

Bugun 10:283 daqiqa

2000-йилда Хитой ўзаро савдо ҳажми бўйича дунёдаги атиги 10 та мамлакат иқтисодиётида АҚШ ва Европа Иттифоқидан олдинда эди. 2025-йилга келиб эса у дунё мамлакатлари ва ҳудудларининг ярмидан кўпида энг йирик савдо ҳамкорига айланди.

Охирги 25 йил ичида жаҳон савдо харитаси қандай ўзгарди? © theconversation.com

Инфографикада дунёдаги учта йирик савдо ҳамкори — АҚШ, Европа Иттифоқи ёки Хитой — 2000 ва 2025-йилларда ҳар бир мамлакат билан савдо ҳажми бўйича қайси бири биринчи ўринда тургани таққосланган. Бунда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ва БМТнинг «Comtrade» маълумотлар базасидаги ўзаро товар савдоси ҳақидаги маълумотлардан фойдаланилган.

photo_2026-10-18_10-29-39


Умумий савдо ҳажми экспорт ва импорт йиғиндиси орқали ҳисобланади. Хизматлар савдоси ҳисобга олинмаган. Бундан ташқари, таққослаш фақат учта иштирокчи — АҚШ, Европа Иттифоқи ва Хитой билан чекланган. Шу сабабли, агар мамлакат харитада қизил рангда кўрсатилган бўлса, бу унинг Хитой билан савдоси АҚШ ёки Европа Иттифоқининг ҳар бири билан алоҳида савдо ҳажмидан кўпроқ эканини англатади. Аммо бу Хитой ўша мамлакатнинг бошқа барча давлатлар орасидаги энг йирик савдо ҳамкори дегани эмас.

2000-йилда Европа Иттифоқи 175 та иқтисодиётдан 112 таси учун ушбу учта ҳамкор орасида энг йирик савдо ҳамкори эди. АҚШ 53 та иқтисодиётда, Хитой эса атиги 10 тасида биринчи ўринни эгаллаган.

2025-йилга келиб Хитой 92 та мамлакат ва ҳудуд билан савдо ҳажми бўйича биринчи ўринга чиқди. Европа Иттифоқи 55 та, АҚШ эса 32 та иқтисодиётда етакчилик қилди. Ҳар икки йил бўйича маълумотлар мавжуд бўлган 175 та иқтисодиётнинг 88 тасида энг йирик савдо ҳамкори ўзгарди. Шулардан 81 тасида етакчилик Хитойга ўтди: 57 та мамлакат Европа Иттифоқидан, 24 таси эса АҚШдан Хитой томон йўналди.

Энг сезиларли ўзгаришлар АҚШнинг Осиёдаги савдо ҳамкорлари орасида юз берди. Бунда Хитойнинг географик жиҳатдан яқинлиги ва унинг маҳсулотлари нисбатан арзонлиги муҳим рол ўйнади. 2000-йилда Япония, Жанубий Корея, Тайван, Сингапур, Филиппин, Таиланд ва Малайзиянинг энг йирик савдо ҳамкори АҚШ эди. Аксинча, Австралия ва Янги Зеландия Европа Иттифоқи ўрнига Хитой энг йирик савдо ҳамкорига айланган мамлакатлар қаторига қўшилди.

Хитой Форс кўрфази мамлакатлари ва Жанубий Америкада ҳам Ғарб давлатларининг савдодаги устунлигини қисқартирди. Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ва Қувайтнинг энг йирик савдо ҳамкори Европа Иттифоқидан Хитойга ўзгарди. Бунга Осиё мамлакатларида ушбу давлатлардан олинадиган нефтга талабнинг ортиши сабаб бўлди.

Россияда ҳам худди шундай ўзгариш юз берди. 2022-йилда Ғарб давлатлари санкциялар жорий этганидан сўнг Россия савдо оқимларини Шарққа йўналтириш жараёнини тезлаштирди.

Шу билан бирга, АҚШ ва Европа Иттифоқи ўзларига анъанавий жиҳатдан яқин ҳудудларда етакчиликни сақлаб қолмоқда. АҚШ Канада, Мексика, Марказий Америка мамлакатлари ва Кариб ҳавзасидаги деярли барча давлатларнинг энг йирик савдо ҳамкори бўлиб қолмоқда. Европа Иттифоқи эса унга аъзо бўлмаган Европанинг аксарият мамлакатларида, шунингдек, Шимолий ва Ғарбий Африканинг кўплаб давлатларида етакчилик қилмоқда.

Хитой фойдасига юз берган глобал ўзгариш сўнгги 25 йил ичида мамлакатнинг товар савдоси кескин ўсгани билан боғлиқ. 2000-йилда Хитойнинг товар савдоси ҳажми 0,47 триллион долларни ташкил этган, бу АҚШ кўрсаткичининг чорагидан ҳам кам эди. 2025-йилга келиб эса бу ҳажм 6,4 триллион долларга етди. Шу даврда Хитойнинг товар савдоси қарийб 14 баравар ўсди. Таққослаш учун, Европа Иттифоқининг савдо ҳажми 3,4 баравар, АҚШники эса 2,9 баравар ошди.

Бурилиш нуқтаси 2001-йилнинг декабрида Хитойнинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши билан боғлиқ бўлди. Аъзолик Хитой экспортчиларига хорижий бозорларга паст бож ставкалари асосида, жумладан, АҚШ бозорига ҳам доимий кириш имконини берди. Бунгача АҚШ Хитойга берилган савдо мақомини ҳар йили қайта кўриб чиқарди.

Экспорт ва импорт ўртасидаги нисбат ҳам ўзгарди. 2000-йилда Хитой экспорти ва импорти ҳажми тахминан тенг эди. 2025-йилга келиб эса мамлакатнинг ташқи савдо профицити, яъни экспорт импортдан ортиқ бўлган сумма, қарийб 1,2 триллион долларга етди. АҚШда эса аксинча, ташқи савдо тақчиллиги тахминан 1,3 триллион долларни ташкил этди. Европа Иттифоқининг савдо баланси эса деярли мувозанатда қолди.

Хитой экспортининг кескин ўсиши нима сабабдан кўплаб мамлакатлар учун айнан Хитой энг йирик импорт манбаига айланганини тушунтиришга ёрдам беради. АҚШ ва Европа Иттифоқи ўз минтақаларида етакчи мавқеини сақлаб қолаётган бўлса-да, дунёнинг бошқа кўплаб ҳудудларида Хитой тобора асосий савдо ҳамкорига айланмоқда.

Teglar

Mavzuga oid