Logo

«Тунги автобус йўналишлари аэропорт, вокзал ва 24/7 кўчаларни қамраб олиши керак» — тунги йўналишлар қаерлардан ўтиши мумкинлиги очиқланди

Bugun 16:393 daqiqa

Тошкентда тунги автобус йўналишларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Улар аэропорт, темирйўл вокзаллари ва 24/7 режимида ишлайдиган кўчаларни қамраб олиши мумкин. Ҳозирда ташувчилар фикри ўрганилиб, лойиҳа бўйича техник-иқтисодий асос ишлаб чиқилмоқда.

«Тунги автобус йўналишлари аэропорт, вокзал ва 24/7 кўчаларни қамраб олиши керак» — тунги йўналишлар қаерлардан ўтиши мумкинлиги очиқланди

Тошкентда тунги автобус йўналишларини ташкил этиш лойиҳаси бўйича ишлар давом этмоқда. Ҳозирда ташувчилар фикри ўрганилиб, йўналишларнинг техник-иқтисодий асоси ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи Миракбар Икрамов 16 октябр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Vaqt.uz мухбирига маълум қилди.

Тунги автобуслар қайси ҳудудларни қамраб олади?

Икрамовнинг айтишича, тунги автобус йўналишларини ташкил этишда аэропорт, темирйўл вокзаллари ва тун-у кун фаолият юритадиган кўчаларни қамраб олиш режалаштирилган.

«Биз тунги автобусларни ташкил қилишни режалаштирганмиз. Ҳозир бу бўйича тадбиркорларнинг фикри ўрганиляпти», — деди у.

Унинг таъкидлашича, йўналишларни белгилашда йўловчилар эҳтиёжи ва тунги вақтда фаолият юритадиган ҳудудлар ҳисобга олинади.

«Тунги йўналишларимиз камида аэропорт ёки вокзални, шунингдек, 24/7 кўчаларни қамраб оладиган ҳамда ушбу кўчаларда мунтазам равишда қатнайдиган йўналишлар бўлиши керак», — деди бошқарма раҳбари.

Лойиҳа қачон амалга оширилади?

Ҳозирда тунги йўналишларда хизмат кўрсатадиган ташувчиларни аниқлаш ва лойиҳа учун техник-иқтисодий асос (ТИА) ишлаб чиқиш ишлари олиб борилмоқда. Йўналишлар комиссия томонидан ҳам ўрганилмоқда.

«Ҳозир ушбу ташувчини аниқлаш бўйича ҳамда йўналишлар бўйича ТИА ишлаб чиқиляпти. Бу яқин келажакда амалга ошириладиган лойиҳаларимиздан бири», — деди Икрамов.

Бироқ тунги автобуслар қачон қатнай бошлаши, йўналишлар сони ва ҳаракат жадвали бўйича ҳозирча аниқ муддатлар маълум қилинмади.

Тунги автобуслар масаласи аввал ҳам кўтарилган

Vaqt.uz аввалроқ Тошкентда тунги автобуслар қачон ишга туширилиши масаласини ўрганган эди. 2026 йил 10 июлда эълон қилинган материалда пойтахтнинг сайёҳлик ва гастрономик кўчалари ўртасида тунги автобус йўналишларини йўлга қўйиш масаласи ҳали ишлаб чиқилаётгани маълум қилинган.

Ўшанда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Гулноза Қосимова ташаббусни амалга ошириш шаҳарнинг барча туманларида гастрономик кўчаларни яратиш ишлари якунлангач кўриб чиқилишини билдирган эди.

«Ушбу ташаббусни амалга ошириш шаҳар барча туманларида гастрономик кўчаларни яратиш ишлари якунлангач кўриб чиқилади. Бу энг мақбул йўналиш тармоғини, йўловчи оқимини, ҳаракат оралиқларини ва хизмат кўрсатишнинг иқтисодий моделини белгилаб олиш учун зарур», — деган эди Қосимова.

Хусусий ташувчилар ҳам жалб қилинади

Матбуот анжуманида хусусий ташувчиларни жамоат транспорти хизматларига жалб қилиш тажрибаси ҳақида ҳам маълумот берилди.

Икрамовнинг айтишича, «Тошшаҳартрансхизмат» ҳозирда 164 та йўналишда фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, олтита йўналиш хусусий тадбиркорларга берилган.

«2022 йилда бизда битта йўналиш хусусий тадбиркор томонидан амалга оширилаётган эди. Ҳозирги кунда олтита йўналишимиз хусусий тадбиркор томонидан амалга ошириляпти», — деди у.

Бошқарма раҳбари тунги автобусларни ташкил этишда ҳам хусусий ташувчилар билан ишлаш тажрибасидан фойдаланиш режалаштирилаётганини қайд этди.

Шундай қилиб, тунги автобуслар лойиҳаси бўйича ташувчиларни аниқлаш ва йўналишларни иқтисодий жиҳатдан асослаш ишлари давом этмоқда. Бироқ лойиҳа амалга оширилишининг аниқ санаси ҳозирча очиқланмаган.

Тадбирда кўрилган бошқа масалалар:

• Тошкентда йўл ҳақи оширилганига қарамай, жамоат транспорти харажатларининг асосий қисми давлат бюджети ҳисобидан қопланишда давом этади. Ҳозирда пойтахтда бир йўловчини ташиш таннархи 5 минг 580 сўмни ташкил этмоқда.

• Тошкентда жамоат транспортида нақд тўлов тизимининг бекор қилиниши ҳайдовчилар ўртасидаги йўловчи талашиш ҳолатларини камайтириш ва тушумларни автоматлаштиришга хизмат қилган.

Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Ўмаровнинг айтишича, нақд пулсиз тўлов тизимига ўтилгач, жамоат транспорти харажатларининг йўловчилар тўловлари ҳисобидан қопланадиган улуши 30–32 фоиздан 40 фоиздан юқори даражага кўтарилган.

Teglar