500 минг долларлик зирҳли машиналар: Қирғизистоннинг «Ilbirs» автомобиллари ичида нималар бор?
Намойиш этилган техниканинг нархи моделига, ҳимоя даражасига ва ўрнатилган ускуналарга қараб фарқ қилади. Компания ишлаб чиқариш харажатларининг нисбатан арзонлиги ва техникани бевосита Қирғизистоннинг ўзида йиғиш имконияти ҳисобига ушбу бозорда ўз ўрнини эгаллашни режалаштирмоқда.
© 24.kgҚирғизистонда ўзларининг зирҳли автомобиллари ишлаб чиқарилмоқда. Ишлаб чиқарувчининг айтишича, бу машиналар ўқотар қуроллардан отилган ўқларга ва тротил эквивалентида 6 килограммгача бўлган портлашга бардош бера олади. Нархи 300 минг доллардан 500 минг долларгача бўлган ушбу машиналар термал камералар, тунги кўриш тизимлари ва автомобил атрофини тўлиқ кузатиш имконини берувчи камералар билан жиҳозланган.
Қирғизистонда ишлаб чиқарилаётган зирҳли машиналарнинг ички тузилиши қандай, уларнинг зирҳи қандай ҳимоя қилади ва мамлакат йилига нечта шундай машина ишлаб чиқара олади?
Бир қарашда бу бурчакли зирҳли кузови, кичик ойналари ва ердан баландлиги билан ажралиб турадиган катта йўлтанламас автомобилга ўхшайди. Аммо яқинроқ борганингизда, бу оддий йўлтанламас эмас, балки ҳарбий хизматчиларни ташиш ва жанговар вазифаларни бажариш учун мўлжалланган махсус техника эканини тушунасиз.
Кўргазмада намойиш этилган машиналардан бири «ILBIRS Titan FS» деб аталади. У Қирғизистонда Американинг «Dodge Ram» автомобили негизида йиғилган. Капот остида 6,7 литр ҳажмли, 360 от кучига эга двигател жойлашган.
SM «Ilbirs» компанияси бош директорининг ўринбосари Эрнест Молдошев корхона 2023-йилдан бери фаолият юритаётганини ва ҳарбий мақсадлар учун мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш лицензиясига эга эканини айтди.
«Бу транспорт воситалари мамлакатимиз ҳудудида ўз фуқароларимиз томонидан йиғилади. Биз металлни шу ернинг ўзида кесамиз, букамиз, пайвандлаймиз ва автомобилларни йиғамиз. Мутахассисларимиз бу ишларни бажаришни ўрганган», — деди у.
Қирғизистон зирҳли машинасининг ичида нималар бор?
«ILBIRS Titan FS» 10 кишигача бўлган одамни ташишга мўлжалланган. Унинг ичида экипаж ва ҳарбий хизматчилар учун ўриндиқлар, қўшимча иситиш тизими ҳамда кондиционер мавжуд. Зирҳли кузовнинг ён томонларида махсус ўқ отиш тирқишлари жойлашган. Том қисмига эса қурол ўрнатиш учун мўлжалланган махсус қурилма ўрнатилган.
Электрон ускуналар ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Машина атрофдаги ҳудудни тўлиқ кузатиш имконини берувчи камералар ва иссиқликни аниқлаш орқали кўришга ёрдам берадиган термал кузатув қурилмалари билан жиҳозланган. Форд автомобили негизида яратилган яна бир моделда ҳайдовчи камералар тасвири орқали йўлни кўра олади, командир эса ўзига мўлжалланган ускуналар ёрдамида атрофдаги вазиятни кузатиб боради.
«Тунда ҳарбий хизматчилар фараларни ўчириб, ташқарига ёруғлик бермасдан жанговар вазифани бажаришади. Командир ҳам атрофдаги вазиятни кўриб туради», — деб тушунтирди Эрнест Молдошев.
Зирҳ ҳақиқий ўққа тута оладими?
Молдошевнинг сўзларига кўра, синовларда турли ўқотар қуроллар, жумладан, Драгунов снайпер милтиғи ва такомиллаштирилган Калашников пулемётидан фойдаланилган. Қурол ўрнатиладиган махсус қурилманинг ҳимоя даражаси ҳам алоҳида текширилган.
Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, зирҳли автомобил ўқлардан ҳам, миналар ва портлашлардан ҳам ҳимоя қилиш хусусиятига эга.
«Машина тротил эквивалентида 6 килограммгача бўлган портлашга бардош беради», — деди компания бош директорининг ўринбосари.
Таъкидлаш жоизки, синов натижалари ва техник хусусиятлар ишлаб чиқарувчининг маълумотларига асосланган.
Америка автомобили негизида, Қирғизистонда йиғилади
Эрнест Молдошевнинг тушунтиришича, зирҳли конструкцияларни тайёрлаш бўйича асосий ишларни маҳаллий мутахассислар бажаради.
Корхонада металл кесилади, букилади ва пайвандланади. Зирҳли кузовлар тайёрланиб, автомобиллар йиғилади. Бироқ машинанинг шассиси, двигатели ва айрим эҳтиёт қисмлари хориждан олиб келинади.
Демак, гап бутунлай Қирғизистонда, нолдан ишлаб чиқарилган автомобиль ҳақида эмас. Бу — хорижий автомобиллар негизида зирҳли техникани маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш ва йиғиш жараёнидир.
Компания вакилининг айтишича, битта машинада тахминан 4,5 мингта детал ишлатилади. Молдошев корхона ишлаб чиқаришни бутунлай тўхтатиб қўйиши мумкин бўлган айрим ишлаб чиқарувчиларга жиддий қарамликни сезмаётганини таъкидлади.
«Биз сотиб ололмайдиган эҳтиёт қисмлар йўқ. Бундай хавф мавжуд эмас», — деди у.
Битта зирҳли машина 300 мингдан 500 минг долларгача туради
Намойиш этилган техниканинг нархи моделига, ҳимоя даражасига ва ўрнатилган ускуналарга қараб фарқ қилади. Компания маълумотларига кўра, битта зирҳли автомобиль буюртмачига тахминан 300 минг доллардан 500 минг долларгача тушади.
Ишлаб чиқарувчи хорижий корхоналар билан нафақат техник хусусиятлар, балки нарх бўйича ҳам рақобатлашишни режалаштирмоқда.
«Жаҳон бозорида бундай машиналар анча қиммат туради. Биз ушбу техникани дунёдаги ўхшаш моделларга қараганда тахминан 20 фоиз арзонроқ ишлаб чиқаришимиз мумкин», — деди Эрнест Молдошев.
Унинг сўзларига кўра, қўшни давлатларда ҳам шунга ўхшаш корхоналар фаолият юритади. Хусусан, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда ҳам енгил зирҳли техникалар ишлаб чиқариш ривожланмоқда.
Компания, биринчи навбатда, ишлаб чиқариш харажатларининг нисбатан арзонлиги ва техникани бевосита Қирғизистоннинг ўзида йиғиш имконияти ҳисобига ушбу бозорда ўз ўрнини эгаллашни режалаштирмоқда.
Қирғизистон йилига нечта зирҳли машина ишлаб чиқара олади?
SM «Ilbirs» компанияси бош директорининг ўринбосари маълумотига кўра, ҳозирда корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати йилига тахминан 40 та автомобилни ташкил этади. Келгусида корхона бу кўрсаткични йилига 110 тагача етказишни режалаштирмоқда.
Бу рақамлар ҳар бир модел учун алоҳида эмас, балки барча моделлар бўйича умумий ишлаб чиқариш имкониятини англатади.
Давлат буюртмалари масаласи эса ҳозирча очиқ қолмоқда. Молдошевнинг айтишича, Қирғизистон Қуролли кучларида шунга ўхшаш зирҳли техникалар аллақачон мавжуд. Бироқ корхона намойиш этилган янги машиналар учун ҳали шартномалар тузишга умид қилмоқда.
«Биз шартномаларни кутяпмиз ва улар муваффақиятли тузилишига умид қиламиз», — деди у.
Хориждан олиб келинган зирҳли машиналардан ўз ишлаб чиқаришига томон
Яқин вақтгача Қирғизистон бундай тоифадаги ҳарбий автомобилларни асосан хориждан оларди. Эндиликда эса мамлакатда мураккаб ишлаб чиқариш ишларининг бир қисмини бажара оладиган ва ҳимояланган автомобилларни йиғишга ихтисослашган корхона ривожланмоқда.
«Ilbirs» компанияси каталогига зирҳли йўлтанламаслар, пикаплар ва махсус автомобилларнинг турли моделлари киритилган.
Эндиликда асосий масала фақат корхона нечта зирҳли машина ишлаб чиқара олишида эмас. Энг муҳими, ушбу техника Қирғизистоннинг ҳарбий ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалари ҳамда хорижий буюртмачилар учун қанчалик керакли бўлишидир.
Ҳозирча эса маҳаллий мутахассислар «Made in Kyrgyzstan» — «Қирғизистонда ишлаб чиқарилган» белгиси туширилган тайёр зирҳли машиналарни намойиш этмоқда.





