Ўзбекистондаги икки шаҳар аҳолиси даромадларини декларация қилади
Декларацияда меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги, мулкий, моддий фойда тарзидаги ва бошқа даромадлар кўчмас мулк, кўчар мулк ва мажбуриятлар бўйича харажатлар кўрсатилади.
© Foto: Stat.uz19 октябрь куни Ҳукумат қарори [574-сон] билан солиқ органлари ходимлари ҳамда Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида ҳисобга қўйилган жисмоний шахслар томонидан жами йиллик даромадлар тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш бўйича вақтинчалик маъмурий регламент тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.
Қарорга кўра, декларация 2026–2027 йилларда олинган даромадлар бўйича Солиқ қўмитасининг Электрон солиқ хизматлари портали ва “Soliq” мобил иловаси орқали доимий яшаш жойидаги солиқ органига тақдим этилади.
Ушбу шаҳарларда ички ишлар органлари томонидан доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жисмоний шахслар назарда тутилади (ўн саккиз ёшга тўлмаганлар бундан мустасно). Регламент ҳисобот йилида солиқ органига ишга қабул қилинган ҳамда ҳисобга қўйилганига олти ой тўлмаган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Декларацияда қандай маълумотлар акс этади?
Декларация ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этилади. Солиқ органи муддатдан камида бир ой олдин хабарнома юборади.
Декларацияда:
• меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги, мулкий, моддий фойда тарзидаги ва бошқа даромадлар (Солиқ кодексининг 371, 375, 376 ва 377-моддалари);
• кўчмас мулк, кўчар мулк ва мажбуриятлар (солиқлар, коммунал хизматлар ва кредитлар) бўйича харажатлар кўрсатилади (якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ харажатлари бундан мустасно).
Харажатлар вазирлик ва идоралар маълумотлари ҳамда “Soliq” мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтказилган фискал белгили чеклар ва электрон ҳисобварақ-фактуралар асосида шакллантирилади. Маълумотлар етарли бўлмаса, мобил илова орқали қўшимча маълумотлар киритиш имконияти берилади.
Декларация нотўғри тўлдирилса, аниқлаштирилган ҳисобот тақдим этилиши мумкин. Унда ҳам нотўғри маълумотлар кўрсатилса, декларация жисмоний шахснинг мурожаатига кўра рад этилади ва уч йил ичида такроран тақдим этиш имконияти берилади. Бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.
Аниқлаштирилган солиқ базасига (даромадлар ва харажатлар ўртасидаги фарқ) қўшимча солиқ ҳисобланмайди (Солиқ кодексининг 393-моддасида белгиланган даромад бундан мустасно) ва ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилмайди.





