Марказий Осиё сафари: Рубио келди, ҳамма Самарқандда
Минтақанинг айрим давлатларида ички ислоҳотлар ортидан «Сорос жамғармаси» ва АҚШ бюджетидан бевосита ёки билвосита молиялаштириладиган бошқа нодавлат ташкилотлар фаолияти тўхтатилган. Шу сабабли Рубио ташрифи ҳамкорликнинг янги шаклига ўтиш сифатида талқин қилинмоқда. Самарқандга келган америкалик тадбиркорлар орасида «Boeing» авиакомпанияси, «Citibank» банки ва «Franklin Templeton» инвестиция фонди вакиллари, шунингдек, муҳим фойдали қазилмалар билан ишлайдиган компаниялар бор.
© Saida Mirziyoyeva Telegram kanaliАҚШ Давлат котиби Марко Рубио 18-октябр куни турмуш ўртоғи билан бирга Ўзбекистонга келди. Америкалик дипломатнинг самолёти Самарқанд халқаро аэропортига қўнди. Унга рафиқаси Жанетт Дусдебес Рубио ҳамроҳлик қилмоқда. Уларни Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева, ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, АҚШ президентининг махсус вакили Сержио Гор ва АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник кутиб олди.

Рубио Америкадан йўлга отланаётиб, самолёт трапи олдида берган интервюсида нега айнан Самарқандга келаётганини айтганди. Ўзбекистонга сафари олдидан журналистлар билан суҳбатда у ташриф санаси минтақадаги давлат раҳбарларининг иш жадвали ва бешта давлат ташқи ишлар вазирларининг учрашувини бир вақтда ташкил этиш имкониятини ҳисобга олган ҳолда белгиланганини айтди.

Рубионинг сўзларига кўра, АҚШ нафақат Ўзбекистон, балки Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ваТуркманистон билан ҳам алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор.
У халқаро инқирозлар ва бошқа шошилинчмасалалар муҳим ташрифларни ортга суриб қўйиши мумкинлигини, аммо бу давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳам муҳим эканини таъкидлади.
Давлат котиби дипломатлар кўпинча инқироз юзага келган ёки муаммолар пайдо бўлган ҳудудларга, шунингдек,халқаро анжуманлар ўтказиладиган мамлакатларга боришга мажбур бўлишини айтди.

Бироқ унинг фикрича, АҚШ узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўймоқчи бўлган давлатларга ташриф буюришучун ҳам вақт топиши керак. Рубио бунга мисол қилиб, яқинда Греция ва Лотин Америкаси давлатларига қилган сафарларини келтирди. Эндеса Марказий Осиёга ташриф буюриш навбати келганини айтди.
Танланган саналар минтақадаги бешта давлат ташқи ишлар вазирларини бир жойга тўплаш имконини берган. Айнан Самарқандда Рубио АҚШ ва Марказий Осиёнинг бешта давлати — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонни бирлаштирувчи C5+1 форматидаги ташқи ишлар вазирлари учрашувида иштирок этади. Шу боис қўшни давлатларнинг расмийлари бирин-кетин етиб келмоқда.

Марказий Осиёга сафар Ҳиндистонга ташриф билан биргаликда ташкил этилган ва 22-октябргача давом этади.
Америка ташқи сиёсат идорасининг таъкидлашича, C5+1 форматидаги учрашув АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тинчлик ва фаровонликни таъминлаш масалаларига бағишланади.
Ташриф доирасида Рубио минтақа давлатлари вакиллари билан икки томонлама музокаралар ҳам ўтказади.
АҚШ Давлат департаменти маълумотига кўра, Давлат котибига 200 нафардан ортиқ америкалик тадбиркор ҳамроҳлик қилмоқда. Вашингтон ушбу ташриф АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга ёрдам беришига умид қилмоқда.
Сафарни ташкил этишда АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор фаол иштирок этди. У Ўзбекистонда туғилган бўлиб, айни пайтда АҚШнинг Ҳиндистондаги элчиси ҳамда Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили вазифаларини биргаликда бажармоқда.
Ташриф арафасида, 16-октябр куни Гор Тошкентда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Улар бўлажак музокараларга тайёргарлик, C5+1 форматидаги йиғилиш ва Ўзбекистон ҳамда АҚШ ўртасидаги бизнес ва инвестициявий ҳамкорлик кенгашининг иккинчи учрашувини муҳокама қилди.
Ўзбекистон томони сиёсий баёнотлар билан чекланиб қолмасдан, аниқ лойиҳалар ва ташаббусларни ишлаб чиқиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Табиийки, АҚШ Давлат котибининг Ўзбекистонга ташрифи, биринчи навбатда, Марказий Осиё экспертларининг катта эътиборини тортди ва турли таҳлилларга сабаб бўлди.
Марказий Осиёнинг айрим давлатларида ички ислоҳотлар ортидан «Сорос жамғармаси» ва АҚШ бюджетидан бевосита ёки билвосита молиялаштириладиган бошқа нодавлат ташкилотлар фаолияти тўхтатилган. Шу сабабли Рубио ташрифи ҳамкорликнинг янги шаклига ўтиш сифатида талқин қилинмоқда.
Давлат котибининг ўзи билан америкалик тадбиркорлар ва бўлажак инвесторларни олиб келаётгани АҚШнинг Марказий Осиёдаги иштирокини кучайтириш, Америка бизнесининг минтақа бозорларига кириш имкониятларини кенгайтириш ва табиий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини оширишга интилаётганидан далолат беради. Шунингдек, Вашингтон Россия ва Хитой билан анъанавий равишда яқин алоқада бўлган минтақа давлатлари билан муносабатларини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда.
Айни пайтда АҚШнинг бугунги сиёсати Совет Иттифоқи парчалангандан кейинги дастлабки ўн йилликларда олиб борилган сиёсатдан сезиларли даражада фарқ қилади. Эндиликда асосий эътибор инвестициялар, савдо, энергетика ва стратегик ресурсларга қаратилмоқда.
Вашингтоннинг асосий амалий манфаатлари, анчадан бери маълум бўлганидек, муҳим фойдали қазилмалар, энергетика, транспорт йўлаклари ва Марказий Осиё иқтисодиётларини халқаро таъминот занжирларига қўшиш имкониятлари билан боғлиқ. Бугунги кунда бу занжирларнинг кўпчилиги Хитойга боғлиқ.
«Reuters» агентлигининг таъкидлашича, АҚШ минтақадаги ноёб ер металлари ва бошқа стратегик ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, савдо алоқаларини мустаҳкамлашга интилмоқда.
Самарқандга келган америкалик тадбиркорлар орасида «Boeing» авиакомпанияси, «Citibank» банки ва «Franklin Templeton» инвестиция фонди вакиллари, шунингдек, муҳим фойдали қазилмалар билан ишлайдиган компаниялар бор. Қолаверса олдинроқ Сержио Гор ўзининг X саҳифасида «Traxys», «Starlink», «Air Products» сингари компаниялар ҳам борлигини айтганди.
«Давлат котиби Рубионинг Ўзбекистонга тарихий бизнес сафарида Америка компаниялари ҳам иштирок этаётганидан хурсандман! Бугун эрталаб Traxys, Starlink, Air Products ва бошқа кўплаб компаниялар вакиллари билан самарали учрашувлар ўтказдим. Суҳбатларда муҳим фойдали қазилмалар, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ва қишлоқ хўжалиги масалаларини муҳокама қилдик. Биз АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда давом этмоқдамиз», — дея ёзган эди Гор.
Ўзбекистонга ташрифидан сўнг Рубио Ҳиндистонга йўл олади. Мумбай ва Жамнагарда Ҳиндистон ҳукумати вакиллари билан учрашувлар режалаштирилган. Уларда стратегик ҳамкорлик, минтақавий ва халқаро масалалар, шунингдек, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, АҚШ Давлат котиби икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари билан ҳам музокаралар ўтказади.
Ўзбекистон президенти Самарқандда
Республика раҳбари ҳам Самарқандга борди. Анъанага кўра, давлат бошлиғи дастлаб Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди. Қуръон оятлари ўқилиб, дуолар қилинди. Қолаверса, биринчи президент хотираси ёд этилди. Мирзиёев Ҳазрати Ҳизр мажмуасида бўлиб, марҳум Ислом Каримов мақбарасига гул қўйди. Қуръон оятлари тиловат қилиниб, дуо ўқилди.
Вилоятга сафар давомида транспорт инфратузилмаси ва замонавий шаҳарсозлик лойиҳалари билан танишиш режалаштирилган. 19-октябр куни, давлат раҳбари Америка – Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши йиғилишида иштирок этади ва қатор икки томонлама учрашувлар ўтказади.
Саида Мирзиёева Рубионинг ташрифи ҳақида
Администрация раҳбари АҚШ Давлат котиби Марко Рубиони кўҳна ва навқирон Самарқанд заминида қутлашдан мамнунлигини ёзди ва бу Рубионинг Марказий Осиёга илк ташрифи эканини қайд этди.
«Олдинда C5+1 форматидаги муҳим музокаралар, бизнес доиралари вакиллари билан учрашувлар ҳамда Америка–Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг навбатдаги йиғилиши кутмоқда. Ўзбекистонга хуш келибсиз, жаноб Рубио!», — дея ёзди Мирзиёева.





