Logo

Ўзбекистонда рақамли сўм қандай ишлайди ва унга эҳтиёж борми?

Рақамли сўмни жорий этиш бўйича 2026–2029-йилларга мўлжалланган «йўл харитаси» ишлаб чиқилган. У нақд пулни алмаштирадими, бюджет харажатларини шаффофлаштирадими ва фуқароларнинг молиявий махфийлигига таъсир қиладими?

Ўзбекистонда рақамли сўмни жорий этиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Марказий банкнинг ушбу йўналишдаги режалари, рақамли валютанинг оддий банк карталаридан фарқи ва унинг иқтисодиётдаги эҳтимолий ўрни жамоатчиликда қатор саволларни келтириб чиқаряпти.

Vaqt.uz ушбу масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Тўлов тизимларини ривожлантириш департаменти катта мутахассиси Бахтиёр Муродуллаев билан суҳбатлашди.

Рақамли сўм нима ва у криптовалютадан қандай фарқ қилади?

— Аввало, рақамли сўм нима эканини тушунтириб берсангиз. У нақд ва нақдсиз тўловлардан нимаси билан фарқ қилади? Кўпчилик уни криптовалютанинг бир тури деб ҳам ўйлаши мумкин.

— Марказий банкнинг рақамли валютаси — бу Марказий банкнинг бевосита мажбурияти ҳисобланади. Оддий тилда айтганда, у нақд пулнинг рақамли шаклидир.

Банк карталари эса банк ҳисобварағидаги маблағларни бошқариш имконини берувчи тўлов воситасидир. Банкдаги маблағлар тижорат банкининг мажбурияти ҳисобланади. Марказий банкнинг рақамли валютасида эса мажбурият Марказий банк зиммасида бўлади.

Рақамли валюта хусусиятига кўра нақд пулсиз тўловларга яқинроқ. Бироқ унинг асосий фарқи — кимнинг мажбурияти эканида.

— Рақамли сўмни биткоин каби криптоактивлардан ажратиб турувчи асосий жиҳатлар нималар?

— Криптоактивлар, масалан, биткоиннинг қиймати бозордаги талаб ва таклиф асосида шаклланади. Улар Марказий банк томонидан эмиссия қилинмайди ва одатда марказлашган тарзда тартибга солинмайди.

Марказий банк рақамли валютаси эса миллий валютанинг рақамли шаклидир. Унинг қиймати сўмга бирга бир нисбатда бўлади. Яъни бир рақамли сўм бир сўмга тенг бўлади.

— Рақамли сўм жорий этилса, нақд пул муомаласи қисқариб кетиши ёки қоғоз пуллар аста-секин йўқолиши мумкинми?

— Ҳозирги кунда Марказий банк асосий эътиборни улгуржи рақамли валютага қаратмоқда. У молия ташкилотлари, асосан банклар ўртасидаги ҳисоб-китоблар учун ишлатиладиган тўлов воситасидир. Шу сабабли уни нақд пулнинг муқобили деб ҳисоблаш тўғри бўлмайди.

Жаҳон тажрибаси ҳам шуни кўрсатадики, чакана рақамли валюта жорий этилган тақдирда ҳам у нақд пулни бутунлай алмаштириши шарт эмас.

Айрим давлатларда нақд пул муомаласини таъминлаш қийин бўлгани учун рақамли валютага алоҳида эътибор берилади. Бундай ҳолатларда рақамли валюта нақд пулга бўлган эҳтиёжни қисман камайтириши мумкин.

2026–2029-йилларда қандай ишлар амалга оширилади?

— Марказий банкнинг 2026–2029-йилларга мўлжалланган 36 ойлик «йўл харитаси» ҳақида маълумот берсангиз. Рақамли сўмни жорий этиш қандай босқичларда амалга оширилиши режалаштирилган?

— Ўзбекистон Марказий банки Сингапурнинг GFT компанияси билан биргаликда миллий тўлов хизматлари бозорини ўрганиб чиқди. Натижада рақамли валюта бўйича концептуал ҳужжат — white paper ишлаб чиқилди. Унда бозорнинг ҳозирги ҳолати ва рақамли валютани жорий этиш бўйича таклифлар баён этилган.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда чакана тўлов хизматлари бозори анча ривожланган. Мамлакатимизда Uzcard ва Humo миллий тўлов тизимлари, тўлов ташкилотлари ҳамда банкларнинг мобил иловалари мавжуд. Яқинда Uz QR тизими ҳам жорий қилинди.

Шунинг учун асосий эътиборни улгуржи рақамли валютага қаратиш таклиф этилди. Бунда давлат харидлари ва давлат харажатлари билан боғлиқ фойдаланиш сценарийлари кўриб чиқилмоқда.

Йўл харитасининг биринчи босқичида изланишлар олиб бориш, халқаро тажрибани ўрганиш ва мамлакатимиз учун мос моделларни аниқлаш кўзда тутилган. Бу босқич деярли якунланган.

Кейинги босқичда халқаро экспертлар ва ишчи гуруҳ билан биргаликда техник жиҳатлар ўрганилиб, рақамли валюта лойиҳаси синов тариқасида жорий этилади. Пилот лойиҳа натижалари ҳар томонлама таҳлил қилинганидан кейин уни кенгайтириш ёки тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

— Демак, пилот лойиҳаси муваффақиятли бўлмаса, рақамли сўмни кенг жорий этишдан воз кечилиши ҳам мумкинми? Нима учун бундай эҳтиёткор ёндашув танланган?

— Халқаро ҳисоб-китоблар банки (BIS) ва Халқаро валюта жамғармаси давлатларга рақамли валютани жорий этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиққан. Уларда ҳар бир босқич якунларини ўрганиб, кейинги босқичга ўтишдан олдин натижаларни баҳолаш таклиф этилади.

Ўзбекистон ҳам пилот лойиҳа натижаларини таҳлил қилади. Биринчи навбатда иқтисодий самарадорлик кўриб чиқилади. Шунингдек, ушбу тизимга ҳақиқий талаб мавжудлиги муҳим аҳамиятга эга. Айрим мамлакатларда рақамли валюта жорий этилган бўлса-да, ундан фойдаланишга эҳтиёж етарли бўлмаган.

Самарадорликни баҳолаш мезонлари лойиҳа давомида ишлаб чиқилади ва аниқлаштирилади.

— Нима учун Ўзбекистонда дастлаб чакана эмас, айнан улгуржи рақамли валютага устуворлик берилмоқда? Масалан, Қозоғистонда рақамли тенгедан ижтимоий тўловлар, мактаб ўқувчилари учун бепул тушликлар ва темир йўл чипталари билан боғлиқ йўналишларда фойдаланилган.

— Қозоғистоннинг рақамли тенге лойиҳаси 2021-йилда бошланган. Унда давлат харидлари, давлат харажатлари ва ижтимоий тўловлар билан боғлиқ сценарийларга эътибор қаратилган. Асосий мақсадлардан бири дастурлаштириладиган рақамли валюта орқали ушбу соҳаларда шаффофликни таъминлашдир.

Ўзбекистонда эса сўнгги беш-олти йил ичида тўловлар ва тўлов тизимлари жадал ривожланди. Тўлов ташкилотларига лицензиялар берилди, электрон пул тизимлари ва тезкор тўлов тизими жорий этилди, QR-тўловлар ривожланмоқда.

Халқаро экспертлар ҳам мамлакатимиздаги чакана тўлов хизматлари бозорини ўрганиб, ҳозирча улгуржи рақамли валютага эътибор қаратишни таклиф қилди. Чунки чакана тўловлар бозорида турли тўлов воситалари мавжуд. Яна бир муқобил воситани яратишдан олинадиган самара катта бўлмаслиги мумкин.

Улгуржи тўловлар бозорида эса ривожланиш имкониятлари кўпроқ. Айниқса, давлат харидлари ва харажатларида дастурлаштириладиган пул механизмларини синаб кўриш орқали шаффофликни ошириш имкониятлари ўрганилади.

Рақамли сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинишининг олдини оладими?

— Агар бюджет маблағлари рақамли сўм орқали ажратилса, уларни фақат аниқ мақсадлар учун, масалан, бажарилган ишлар далолатномаси ёки тасдиқланган шартнома асосида сарфлаш имкони пайдо бўладими? Бу бюджет маблағларининг талон-торож қилиниши ёки коррупцион схемаларни 100 фоиз бартараф эта оладими?

— Биз фақат технологик ечимни тақдим этамиз. Бу айрим имкониятларни чеклаши мумкин, аммо технологиянинг ўзи муаммони 100 фоиз ҳал қила олмайди. Бунда бошқа омиллар ҳам мавжудлигини инобатга олиш керак.

— Шунга қарамай, бундай тизим назоратни кучайтиришга ёрдам бериши мумкинми?

— Албатта.

Рақамли сўм доллар ва SWIFT тизимига муқобил бўладими?

— Рақамли валюталар халқаро тўловларни арзонлаштириш ва анъанавий тўлов инфратузилмаларига қарамликни камайтириш воситаси сифатида ҳам кўрилмоқда. Келажакда рақамли сўм қўшни давлатлар билан чегаралараро савдо, конвертация жараёнлари ёки доллар ва SWIFT тизимига муқобил ҳисоб-китобларда қўлланиши мумкинми?

— Ҳозирги мавжуд тўлов тизимлари самарали ишламоқда. Шу сабабли янги ишлаб чиқилаётган бундай технологияларга мавжуд тизимларнинг муқобили сифатида қаралмаслиги керак.

— Унда келажакда рақамли валюталар орқали давлатлараро ҳисоб-китобларни йўлга қўйиш мумкинми?

— Икки давлат ўзаро келишувга эришиб, ўзларининг рақамли валюта тизимларини интеграция қилиши ва айрим ҳисоб-китобларни йўлга қўйиши мумкин.

Интернет ва электр узилишлари рақамли сўмга тўсиқ бўладими?

— Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида интернет тезлиги пастлиги ва электр энергияси узилишлари кузатилади. Рақамли валюта бутун мамлакат бўйлаб жорий этилса, бундай муаммолардан қандай чиқиш мумкин? Масалан, интернетсиз ишлаш имконияти кўриб чиқиляптими?

— Рақамли валютанинг афзалликларидан бири офлайн режимда ишлаш имкониятидир. Бу хусусият асосан чакана рақамли валютага тегишли. Одатда бундай технологиялар табиий офатлар тез-тез содир бўладиган ёки нақд пул муомаласини таъминлашда қийинчиликларга дуч келадиган давлатларда қўлланади.

Ўзбекистонда ҳозирги кунда бундай технологияга катта эҳтиёж мавжуд эмас. Шу сабабли офлайн режим бўйича ҳозирча алоҳида ўрганиш ишлари олиб борилмаяпти.

Рақамли сўм фуқароларнинг молиявий махфийлигига таъсир қиладими?

— Нақд пул инсоннинг молиявий эркинлигини таъминловчи воситалардан бири ҳисобланади. Рақамли валютада эса ҳар бир тўлов ҳақида электрон маълумот шаклланиши мумкин. Фуқаролар ўртасидаги кичик тўловларда ёки кундалик харажатларда махфийлик сақланадими?

— Ҳар бир давлат рақамли валютани жорий этишдан олдин унга талаб бўлиш-бўлмаслигини баҳолайди. Кўплаб давлатлар рақамли валютани жорий этишда тўловларни 100 фоиз назорат қилишга асосланган ёндашув фойдаланувчилар талабини пасайтириши мумкинлигини ҳисобга олади. Шунинг учун айрим мамлакатларда махфийликни маълум даражада сақлашга қаратилган технологиялардан фойдаланилади.

Ўзбекистонда ҳозир улгуржи рақамли валютага эътибор қаратилмоқда. Улгуржи тўловлар банк тизими орқали амалга оширилади ва банк сири ҳисобланади. Бундай маълумотларга кириш ҳуқуқи белгиланган тартибда чекланади.

Қайси давлатлар тажрибасидан фойдаланилади?

— Халқаро тажрибани ўрганишда қайси мамлакатлар моделига эътибор қаратиляпти? Масалан, Хитойнинг рақамли юани ёки Қозоғистоннинг рақамли тенгеси Ўзбекистон учун намуна бўлиши мумкинми?

— Ҳозирги кунда 160 дан ортиқ давлат рақамли валютани жорий этиш истиқболларини ўрганмоқда. Уларнинг 77 таси пилот лойиҳани жорий қилган ёки жорий этишни режалаштирмоқда.

Ҳар бир давлат ўзининг банк-молия тизими, мавжуд муаммолари ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб рақамли валютанинг архитектураси ҳамда фойдаланиш сценарийларини танлайди.

Ўзбекистон ҳам жаҳон тажрибасини ўрганади, аммо битта давлат моделини тўлиқ кўчирмайди. Турли мамлакатларнинг тажрибаси таҳлил қилиниб, мамлакатимиз шароитига мос ечимлар танланади.

Масалан, Нигериядаги eNaira лойиҳаси 2021-йилда жорий этилган. Ундаги асосий муаммолардан бири талабнинг етарли бўлмагани эди. Бу ҳолат янги тўлов воситасининг афзалликлари ва фойдаланиш имкониятлари аҳолига етарлича тушунтирилмагани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Шунинг учун молиявий саводхонликни ошириш ва фойдаланувчиларга зарур маълумотларни тақдим этиш муҳим. Рақамли валютани босқичма-босқич жорий этиш ҳам шу нуқтаи назардан мақсадга мувофиқ.

Рақамли сўм лойиҳаси қачон ўзини оқлагани маълум бўлади?

— Рақамли сўмни жорий этиш учун ресурслар сарфланади. Лойиҳанинг муваффақиятли бўлиш эҳтимоли қандай баҳоланмоқда? Унинг самарадорлигига ҳозирдан ишонч борми?

— 2029-йилнинг охирида қандай қарор қабул қилинишидан қатъи назар, ушбу лойиҳани муҳим деб ҳисоблайман. Чунки уни амалга ошириш жараёнида катта тажриба ва билим тўпланади. Кейинчалик янги тўлов воситалари ва механизмларини ишлаб чиқишда бу билимлар албатта асқотади.

— Мутахассис сифатида рақамли сўм Ўзбекистон учун қанчалик зарур, деб ҳисоблайсиз? Унга бозорда ҳақиқий талаб борми?

— Бу саволга жавоб бериш учун ҳам пилот лойиҳасини амалга ошириб, унинг натижаларини ўрганамиз. Ҳар бир давлатнинг молия тизими ва ўзига хос хусусиятлари бор. Шунинг учун рақамли валюта лойиҳаси турли мамлакатларда ҳар хил натижа бериши мумкин.

2029-йил охиригача рақамли валютанинг Ўзбекистон шароитида қанчалик зарур эканига жавоб олишни мақсад қилганмиз.

— Демак, лойиҳа босқичма-босқич амалга оширилади ва молия тизимида кескин ўзгаришлар кутилмайдими?

— Рақамли валюта концептуал ҳужжатида лойиҳани халқаро экспертлар билан ҳамкорликда босқичма-босқич жорий этиш кўзда тутилган. Шу сабабли кескин ва кутилмаган ўзгаришлар бўлмайди, деб ҳисоблайман. Бу ёндашув молия тизими учун юзага келиши мумкин бўлган хавфларни камайтиришга хизмат қилади.

Пилот лойиҳаси жараёни ва натижалари ҳақида мунтазам маълумот бериб борилади. Фуқароларни нотўғри маълумотларга ишонмасликка ва Марказий банкнинг расмий хабарларини кузатиб боришга чақирамиз.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 220

Barchasi

Mavzuga oid