Афғонистонда Ўзбекистон бошқарувидаги Ҳайратон — Мозори Шариф темирйўл линиясида янги қуруқлик порти очилди
Икки давлат Наибобод станциясида қўшимча 1650 метрлик тармоқ қуриш орқали вагонларни қайта ишлаш тезлигини оширишга келишиб олди.

Афғонистоннинг Мазори-Шариф шаҳрида қурилиш ва тиклаш ишлари якунланган «Ҳайратон — Мазори-Шариф» темир йўл линиясининг 5-сонли порти фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда 21 май куни «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, янги портга биринчи поезд таркиби қабул қилиниб, юк тушириш ишларига расман старт берилган.
«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ раҳбари З.Г.Нарзуллаев Афғонистон Бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича муовини Мулла Абдулғани Бародар билан музокаралар ўтказди. Учрашувда «Ҳайратон — Мазори-Шариф» темир йўл линиясининг ўтказувчанлик қобилиятини янада ошириш масаласи муҳокама қилинди», - деб хабар берди компания матбуот хизмати.
Музокаралар давомида Наибобод станцияси ҳудудида қўшимча 1650 метрлик шаҳобча йўли қуриш лойиҳаси кўриб чиқилган. Ушбу ташаббус юк вагонларини қайта ишлаш ҳажмини ошириш ва уларнинг туриб қолиш вақтини қисқартиришга қаратилган.
Афғонистон бош вазирининг ўринбосари томонидан тегишли идораларга Ўзбекистон томони билан ҳамкорликда техник ва қурилиш ишларини тезкор амалга ошириш бўйича топшириқ берилди.
Афғонистон томони эса юкларни қайта ишлаш ҳажмини ошириш ҳамда поезд таркибларини узлуксиз қабул қилишни таъминлашга тайёр эканини маълум қилди.





