Алданган зиёратчилар: Маккада 170 нафардан ортиқ ўзбекистонлик ватанга қайтолмаяпти

Бугун 09:372 дақиқа

Турфирмалар хатоси туфайли Маккада қолиб кетган 170 дан ортиқ ўзбекистонлик зиёратчи орасида кўплаб кекса ва касал инсонлар бор.

Алданган зиёратчилар: Маккада 170 нафардан ортиқ ўзбекистонлик ватанга қайтолмаяпти

Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида 170 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси турфирмаларнинг хатоси сабабли ватанига қайта олмай қолди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар қилди.

Маълум қилинишича, мазкур фуқаролар хусусий фирмалар ва айрим шахслар орқали Умра зиёратига борган. Бироқ сафарни ташкил этган томонларнинг нотўғри маълумотлари ва ташкилий камчиликлари оқибатида улар белгиланган муддатда ортга қайтолмаган.

Бош консулхона дипломатлари вазиятни ўрганди

Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари вазиятни ўрганиш мақсадида Маккадаги «Kanari» ва «Al-Ayam Elite» меҳмонхоналарига бориб, зиёратчилар билан учрашди. Суҳбат давомида уларнинг аксарияти кекса ёшдаги инсонлар экани маълум бўлган.

Зиёратчилар орасида инфарктни бошидан ўтказган, қандли диабет ва юқори қон босими каби сурункали касалликларга чалинган шахслар ҳам бор. Улар доимий равишда дори-дармон қабул қилиши зарур бўлгани ҳолда, узоқ вақт чет элда қолиб кетгани вазиятни янада оғирлаштирмоқда.

Бош консулхона вакиллари сўнгги йилларда лицензиясиз фаолият юритаётган айрим турфирмалар ва шахслар туфайли бундай ҳолатлар кўпайганини таъкидлади. Шу билан бирга, расман фақат 14 та лицензияланган турфирма Умра зиёратини ташкил этиши мумкинлиги эслатилди.

Имкони борларга ўз ҳисобидан авиачипта харид қилиш тавсия қилинмоқда

Фуқароларга уларнинг мурожаатлари тегишли идораларга етказилиши маълум қилинган. Бироқ жараён маълум вақт талаб қилиши сабабли, имконият бўлса, ўз ҳисобидан авиачипта харид қилиб, Ўзбекистонга қайтиш тавсия этилди.

Айни пайтда ҳолат Бош консулхона томонидан назоратга олинган бўлиб, тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шунингдек, фуқароларга уларни қийин аҳволга солган шахслар устидан Ўзбекистонга қайтгач мурожаат қилиш мумкинлиги тушунтирилган.

Теглар

Мавзуга оид