
Алишер Хўжаев Кинематография агентлиги директори ўринбосарлигидан кетди
Унинг ишдан кетгани ҳақидаги қарор агентлик раҳбари Шуҳрат Ризаев хизмат сафари пайтида маълум бўлган. Vaqt.uz'нинг бир биридан мустақил икки манбаси буни тасдиқлади.

Кинематография агентлиги директори ўринбосари Алишер Хўжаев лавозимини тарк этди. Унинг ишдан кетгани ҳақидаги қарор агентлик раҳбари Шуҳрат Ризаев Эронда хизмат сафари пайтида маълум бўлган. Хўжаев кеча шахсий буюмларини йиғиштириб, ҳамкасблари билан хайрлашиб кетган.
Хўжаевнинг келгуси фаолияти борасида ҳозирча расмий маълумот берилмаган. Унинг МТРКда бошлаган ва кейин агентликда давом эттирилган «Тирик тарих» лойиҳасининг ҳам тақдири нима бўлиши номаълум.
Эслатиб ўтамиз, Хўжаев 2024 йил 28 март кунидан буён Кинематография агентлиги раҳбари ўринбосари сифатида фаолият юритаётган эди.
Маълумот учун, Алишер Хўжаев 2005 йилнинг 15 апрел куни Ўзбекистон телерадиокомпанияси раиси этиб тайинланган эди. 2017 йилнинг февралида лавозимидан олиниб, ўрнига Хуршид Мирзоҳидов Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига раҳбар бўлганди.
Ўша йилнинг 3 августида Хуршид Мирзоҳидов лавозимидан озод этилиб, Бобур Алихонов ЎзМТРК раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. 30 август куни Алишер Хўжаев яна ЎзМТРК раҳбарига айланди.
Ушбу лавозимда бир муддат ишлагач, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар бўйича қўмита раиси ўринбосарлигига ўтди. 2020 йилнинг март ойида Алишер Хўжаев яна МТРК раиси этиб тайинланди. 2024 йилнинг феврал ойида яна бир бор МТРК раиси лавозимидан озод этилган.





