add

Америкалик инвесторлар Ўзбекистон бозорига нега киряпти?

Auerbach Grayson ривожланаётган бозорлар билан ишлашга ихтисослашган брокерлик компанияси бўлиб, 120 дан ортиқ давлатда ҳамкорларга эга.

Америкалик инвесторлар Ўзбекистон бозорига нега киряпти?

АҚШнинг Auerbach Grayson & Company LLC компанияси Ўзбекистон капитал бозори соҳасидаги Тартибга солиш қумдони махсус ҳуқуқий режими иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказилди. Бу ҳақда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги хабар берди.

Агентликка кўра, компания АҚШ институционал инвесторлари учун ваколатли иштирокчи сифатида фаолият юритади, шунингдек, маҳаллий қимматли қоғозларни халқаро савдо майдонларида муомалага чиқариш жараёнларини қўллаб-қувватлашни кўзда тутади. Auerbach Grayson ривожланаётган бозорлар билан ишлашга ихтисослашган брокерлик компанияси бўлиб, 120 дан ортиқ давлатда ҳамкорларга эга.

Бозорга қизиқиш нима билан боғлиқ?

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда капитал бозорини либераллаштириш, инвестициявий хизматларни кенгайтириш ва ҳисобдорлик талабларини кучайтириш бўйича қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги Капитал бозорини тартибга солиш департаменти бошлиғи Саибжан Худайбердиевга кўра янги хизматлар ва технологияларни хавфсиз шароитда синовдан ўтказиш имконини берувчи тартибга солиш қумдони махсус ҳуқуқий режими синов режими ишга туширилди. Унга Bank of Georgia, OTP Bank, TBC Capital ва Арманистон Марказий депозитарийси каби халқаро иштирокчилар қўшилди. Бундан ташқари, Тошкент фонд биржасида Free of Payment савдо платформалари жорий этилди, 50 миллиард сўмлик биринчи "яшил облигациялар" чиқарилди ва Марказий депозитарий орқали масофадан туриб инвесторларни аниқлаш ва дивиденд тўлаш механизмлари жорий этилди.

Auerbach Graysonнинг Тартибга солиш қумдонига киритилиши халқаро иштирокчиларнинг бозорга қизиқиши ортганидан далолат беради.

Инвесторлар нима кўряпти?

Узоқ муддатли салоҳият — Ўзбекистонда капитал бозори ҳали ривожланиш босқичида, аммо аҳоли сонининг ўсиши, хусусий сектор фаоллигининг ортгани ва молиявий инструментларга бўлган талабнинг кўпайиши хорижий инвесторлар учун имконият яратади.

Ҳуқуқий муҳитдаги ўзгаришлар —Инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, корпоратив бошқарув ва ошкоралик стандартлари бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, ҳозирда миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштиришга қаратилган "Капитал бозори тўғрисида" ва "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилган.

Бу халқаро компаниялар учун барқарор муҳит яратишга қаратилган қадам сифатида баҳоланмоқда.

Янги листинг имкониятлари — Маҳаллий эмитентларнинг IPO жараёнларини фаоллаштириш режаси, шунингдек, қимматли қоғозларни халқаро майдонларга чиқариш имкониятлари инвесторлар учун қўшимча қизиқиш уйғотмоқда.

Қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

Auerbach Graysonнинг рўйхатдан ўтказилиши қисқа муддатда бозор ҳажмига катта таъсир кўрсатмаслиги мумкин. Аммо йирик брокерлик компаниясининг Ўзбекистонга кириб келиши хорижий капитал учун қўшимча ишонч сигнали, маҳаллий эмитентлар учун янги инвесторлар аудиторияси, бозор инфратузилмаси ва стандартларини модернизация қилиш каби жараёнларга туртки бўлиши кутилмоқда.

Айни пайтда узоқ муддатда халқаро иштирокчиларнинг фаоллашуви бозор ликвидлигининг ошиши ва янги молиявий инструментлар пайдо бўлишига хизмат қилиши мумкин.

Хавфлар ҳам бор, лекин…

Мутахассислар фикрича, савдо ҳажмларининг пастлиги, эмитентлар сонининг камлиги, инфратузилманинг ривожланиш босқичида экани, тартибга солиш механизмларининг тўлиқ шаклланмагани сингари ҳолатлар Ўзбекистон капитал бозорининг ривожланишига тўсқинлик қилмоқда.

Бошқа томондан бундай шароит ривожланаётган бозорлар учун хос бўлиб, инвесторлар кўпинча айнан шундай «эрта босқич» салоҳиятини қадрлайди.

Auerbach Graysonнинг Тартибга солиш қумдони иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказилиши америкалик инвесторлар Ўзбекистон капитал бозорини истиқболли ва кириш учун тайёр деб кўраётгани белгисидир.

Теглар

Мавзуга оид

Америкалик инвесторлар Ўзбекистон бозорига нега киряпти? | Vaqt.uz