«Аномалия юз берди»: Безоснинг ракетаси синов пайтида портлаб кетди
Ракета портлашлари билан бир неча бор тўқнаш келган «SpaceX» раҳбари Илон Маск бу воқеага муносабат билдирди.

Миллиардер Жефф Безосга тегишли «Blue Origin» компаниясининг «New Glenn» ракетаси синов вақтида портлаб кетди. Бу ҳақда «Associated Press» хабар берди.
Ҳодиса АҚШнинг Флорида штатидаги Канаверал бурнида жойлашган учириш майдончасида 28 май куни кечқурун содир бўлган.
Нашрнинг ёзишича, портлаш шунчалик кучли бўлганки, атрофдаги уйларда силкинишлар сезилган. Воқеа вақтида учириш мажмуаси устида улкан оловли шар кўтарилган.
Компания Х ижтимоий тармоғи орқали ракета синовида «аномалия юз бергани»ни маълум қилди. Кейинроқ гап келаси ҳафта сунъий йўлдош учириш учун тайёрланаётган «New Glenn» ракета двигателлари синови ҳақида кетаётгани тасдиқланди.
АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари космик базаси маълумотларига кўра, ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ.
Сабаблар ўрганилмоқда
Компания асосчиси Жефф Безос портлаш сабаблари ҳақида хулоса чиқаришга ҳали эрта эканини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, мутахассислар ҳодиса сабабларини аниқлаш устида иш олиб бормоқда.
«Жуда оғир кун, лекин биз керакли барча нарсани тиклаймиз ва яна парвозларга қайтамиз. Бу бунга арзийди», — деди Безос.
Рақобат кучаймоқда
Портлаш «Blue Origin» учун муҳим босқичда содир бўлди. Компания жорий кузда Ойга қўнувчи модул прототипининг синов парвозини ўтказишни режалаштирган эди. Шунингдек, у яқинда «Artemis» дастури доирасида Ой роверларини учириш бўйича йирик шартномага эга бўлган.
«SpaceX» раҳбари Илон Маск ҳам ҳодисага муносабат билдириб, «Жуда ачинарли. Ракеталар — мураккаб нарса», деб ёзди. У «Blue Origin» жамоаси тез орада ушбу муаммони енгиб ўтишига умид билдирди.
«Reuters» маълумотига кўра, «Blue Origin» «New Glenn» дастурини яратиш учун миллиардлаб доллар ва қарийб ўн йил вақт сарфлаган. Лойиҳа «SpaceX»нинг «Falcon» ракеталари ва «Starship» тизимига рақобатчи сифатида кўрилади.





