Апрел ойида Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллиги 6,5 фоизга ўсди

Бугун 12:252 дақиқа

Барча ҳудудларда ижобий динамика кузатилиб, банк операциялари, биржа савдолари ва янги товар белгилари фаоллиги иқтисодий фаоллашувнинг асосий омили бўлди.

Апрел ойида Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллиги 6,5 фоизга ўсди © stock

2026-йил апрел ойида Ўзбекистон иқтисодиётида ишбилармонлик фаоллиги юқори ўсиш суръатларини намоён қилди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази баҳолашларига кўра, Ишбилармонлик фаоллиги индекси (ИФИ) 1065 бирликка етган.

Ҳисоботга кўра, мазкур кўрсаткич март ойига нисбатан 6,5 фоизга, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса 22 фоизга ошган. Бу мамлакатда иқтисодий фаолликнинг кучайиб бораётганини кўрсатмоқда.

Мутахассислар фикрича, банк операциялари ҳажмининг ўсиши, биржа савдоларидаги фаоллик ва товар белгилари рўйхатдан ўтказилиши иқтисодий жараёнларнинг асосий ҳаракатлантирувчи омилларидан бири бўлган.

Қайси кўрсаткичлар ўсди?

Апрел ойида хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисоб рақамларидаги операциялар сони 8,3 фоизга ошган.

Банклараро тўлов операциялари сони эса 7,6 миллиондан ошиб, бир ой ичида қарийб 589 мингтага кўпайган.

Товар-хом ашё биржасидаги харидлар жадаллиги 5,4 фоизга ошган. Шунингдек, фаолият кўрсатаётган хўжалик субъектлари бўйича компонент 1,7 фоизга ўсган. Бунда:

- барча турдаги фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар сони олдинги ойга нисбатан 3 682 бирликка ортиб, 514,7 мингтани ташкил этган;

- йирик тадбиркорлик билан шуғулланувчи корхоналар сони эса 221 тага ошиб, 4 940 тани ташкил этган;

- кичик корхоналар сони 3,6 мингтага ортиб, 420,9 мингтага етган.

Шунингдек, фермер хўжаликлари сони 141 тага камайиб, 88,9 мингтани ташкил этган.

Энг юқори ўсиш товар белгилари бўйича кузатилиб, бу кўрсаткич 33,9 фоизга ошган. Апрел ойида юридик шахслар томонидан жами 529 та товар белгиси ва товар номи рўйхатга олинган.

Шу билан бирга, республика товар-хом ашё биржасида асосий товарлар бўйича савдо айланмаси 8,5 триллион сўмга етган. Айрим маҳсулотлар, хусусан саноат мойи, битум, пахта мойи ва дизел ёқилғиси савдосида кескин ўсиш қайд этилган.

Ҳудудларда қандай вазият?

Ҳисоботда қайд этилишича, апрель ойида мамлакатнинг барча ҳудудларида ижобий динамика кузатилган.

Энг юқори ўсиш Қорақалпоғистонда 46,2 фоиз, Наманганда 43 фоиз, Жиззах вилоятида 41,1 фоиз ва Сирдарё вилоятида 38,1 фоизни ташкил этган.

Теглар

Мавзуга оид