Logo

АҚШ Эроннинг 5 та вилоятига зарба берди

Бугун 10:353 дақиқа

Ҳужумлар оқибатида 14 киши ҳалок бўлган.

АҚШ Эроннинг 5 та вилоятига зарба берди © Ijtimoiy tarmoqlar

АҚШ Қуролли кучлари 14-июлга ўтар кечаси Эрондаги объектларга навбатдаги зарбалар сериясини йўллади. Марказий қўмондонликнинг (CENTCOM) маълум қилишича, бу АҚШнинг кетма-кет учинчи кечадаги ҳужуми бўлди.

Нишонлар қаторига Эроннинг ҳарбий объектлари, жумладан, қирғоқ кузатув тизимлари, дронлар ва ракета мажмуалари киритилди. АҚШ қўмондонлиги маълумотига кўра, зарбалар Эроннинг Ҳормуз бўғозида фуқаролик кемаларига ҳужум қилиш имкониятларини чеклашга қаратилган.

«Fars» ахборот агентлиги хабарига кўра, Эроннинг Киш, Қешм ва Бумуси оролларида, шунингдек, Бандар-Аббос порт шаҳрида портлашлар овози эшитилган. Аввалроқ Оқ уй раҳбари Дональд Трамп Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар қайта бошланганидан Конгрессни хабардор қилган эди. Тегишли мактуб 10-июль куни Конгресс раҳбариятига юборилган ва 13-июль куни «Тhe New York Times» газетаси ихтиёрига бориб тушган.

Бундан ташқари, CENTCOM АҚШнинг учувчисиз денгиз аппаратларидан илк бор ҳужумкор операцияда фойдаланганини маълум қилди. Идора берган маълумотларга кўра, 13-июлга ўтар кечаси Бандар-Аббосдаги ҳарбий-денгиз базасига уюштирилган ҳужум вақтида 3 та учувчисиз денгиз воситаси қўлланган. Кейинроқ АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Эронга қарши беш соат давом этган янги зарбалар тўлқини якунланганини маълум қилди.

Идора баёнотига кўра, бу вақт ичида АҚШ ҳарбийлари Бушеҳр, Чобаҳор, Жаск, Конарак, Абу Мусо ва Бандар-Аббос шаҳарларидаги объектларга зарбалар берган. CENTCOM маълумотига кўра, ҳозир Яқин Шарқда 50 мингдан ортиқ америкалик ҳарбий хизматчи жойлашган бўлиб, улар минтақада жанговар шай ҳолатда қолмоқда.

Эрон эса, ўз навбатида, минтақадаги АҚШ объектларига ҳужумлар уюштирилганини маълум қилди. Эрон давлат телерадиокомпанияси IRIB хабарига кўра, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (IRGC) Қувайтдаги АҚШ базаларига учувчисиз аппаратлар ёрдамида зарба берган.

Шунингдек, Эроннинг «Fars» ахборот агентлиги Ҳормуз бўғозидаги кемаларга ҳужум қилинганини маълум қилди. БАА Мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, Эроннинг қанотли ракеталари икки танкерни нишонга олган. Оқибатда экипажнинг бир аъзоси ҳалок бўлган, яна олти киши яраланган. Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Эрон Иорданиядаги АҚШ ҳарбий базасига ракета зарбаси берганини маълум қилди. Иордания ҳукумати ҳужум содир бўлганини тасдиқлади, бироқ ракеталар ҳаво мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилганини билдирди.

«Иорданиядаги авиабазада жойлашган америкалик душманнинг дислокация нуқтаси ракета зарбасига учради. Биз америкалик жиноятчиларни жазоладик», — дейилади IRGC баёнотида.

Иордания ҳукумати ва халқига йўлланган мурожаатда IRGC Эрон «сизнинг мамлакатингизга нисбатан нафақат адоват сақламайди, балки Фаластин халқининг дарди ва зулмини бошқа ҳар қандай миллатдан кўра чуқурроқ англайдиган ҳамда сионистик режимнинг жиноятларидан хабардор бўлган олийжаноб халқингизни ҳурмат қилади», деб таъкидлади.

Баёнотда, шунингдек, Иордания ҳукуматидан мамлакат ҳудудидаги АҚШ ҳарбий базаларини тугатиш талаб қилинди. Иорданиянинг «Petra» ахборот агентлиги ҳаво мудофаа воситалари Эроннинг тўртта ракетасини уриб туширганини маълум қилди. Хабарга кўра, ҳодиса оқибатида қурбонлар ҳам, моддий зарар ҳам қайд этилмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эроннинг нефть танкерларига қилган ҳужумларига жавобан АҚШ ҳарбийлари Теҳронга янги зарбалар берди. Ўз навбатида Эрон бўғоз тўлиқ ёпилганини маълум қилди ва яқин атрофдаги АҚШ ҳарбий базаларига ҳужумлар уюштирди.

Теглар

Мавзуга оид