
АҚШ Ғазони иккига бўлиш режасини муҳокама қилмоқда
АҚШ Ғазо секторини «яшил» ва «қизил» ҳудудларга бўлиб бошқариш стратегиясини ишлаб чиқмоқда. Янги режага кўра, тикланиш ишлари фақат «яшил» зоналарда амалга оширилади.

Буюк Британиянинг The Guardian нашри ёзишича, АҚШ ҳукумати Исроил билан биргаликда Ғазо секторидаги вазиятни босқичма-босқич барқарорлаштириш мақсадида уни икки хил ҳудудга ажратишни режалаштирмоқда.
Маълумотларга кўра, «яшил зона» деб аталувчи ҳудуд халқаро кучлар ва Исроил армияси назоратида бўлиб, тиклаш ишлари айнан шу ерда амалга оширилади.
«Қизил зона» эса вайрон бўлган, инфратузилмаси йўқ ва фаластинликларни мажбурий кўчириш орқали тўлдириладиган ҳудуд сифатида белгиланган.
Европа мамлакатлари Ғазода халқаро барқарорлик кучлари таркибида қатнашишга шошилмаяпти. Афғонистондаги тажрибадан келиб чиққан ҳолда, кўплаб давлатлар бу режада қатнашишни хатарли деб баҳоламоқда. Шу билан бирга, АҚШ ва Исроил ҳудуд бўйлаб, айниқса шарқдаги сарҳадларда хорижий аскарларни жойлаштиришни кўзламоқда.
Хабарда таъкидланишича, Исроил армиясининг Ғазодан тўлиқ чиқиши бўйича аниқ график ҳозирча ишлаб чиқилмаган.
Боз устига, Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар Гидеон Саар ва мудофаа вазири Исраэль Кац мустақил Фаластин давлатини тузиш ғоясини кескин танқид қилиб, бу ҳудудни «яҳудийларнинг тарихий ерлари» деб атаган.
Улар БМТ Хавфсизлик Кенгашида муҳокама этилаётган резолюцияга жавобан, мустақил Фаластин давлатини ташкил этиш ғоясини мутлақо рад этди.
Гидеон Саар Фаластинда давлат тузиш ташаббусини хавфли деб баҳолади. Унинг таъкидлашича, ҲАМАС, «Ҳизбуллоҳ» ва яманлик ҳусийчилар Исроилни йўқ қилишни мақсад қилишган.
«Фаластин давлатини тузиш учун кўзда тутилган ҳудуд — Исроил юраги. Биз бундай давлатига ҳеч қачон рози бўлмаймиз», – деб ёзган Саар X ижтимоий тармоғида.
Мудофаа вазири Исраэль Кац ҳам ҳукуматнинг бу борадаги позицияси «аниқ ва қатъий» эканини билдирган. Унинг айтишича, Исроил Фаластин давлатининг вужудга келишини қабул қилмайди ва бу масалани ёпиқ деб ҳисоблайди.
БМТ резолюциясида эса Фаластин миллий маъмурияти ислоҳотлари ва Ғазо тикланиши ортидан фаластинликлар ўз давлатини тузиши учун шароит яратиш назарда тутилган. АҚШ, Туркия, Қатар ва яна 6 давлат резолюциядаги фаластинликларнинг ўз тақдирини белгилаш ҳуқуқини қўллаб-қувватлади.





