Асосий ставка яна ўзгаришсиз қолдирилди — 14 фоиз

Бугун 10:561 дақиқа

Марказий банк бошқаруви 2026-йил 18-мартдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Асосий ставка яна ўзгаришсиз қолдирилди — 14 фоиз

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 2026 йил 18 март куни бўлиб ўтган йиғилишда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Маълум қилинишича, сўнгги ойларда айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ошиши инфляциянинг пасайиш суръатларини секинлаштирган. Шу билан бирга, юқори истеъмол фаоллиги сақланиб қолмоқда ва ташқи бозорлардаги ноаниқликлар нархларга қўшимча босим келтириши мумкин.

2026 йил бошидан инфляцион жараёнларда муайян тезлашиш кузатилиб, базавий инфляция февраль ойида йиллик 6,3 фоизни ташкил этди. Умумий инфляция эса 7,3 фоиз даражасида шаклланди.

Марказий банк қайд этишича, иқтисодиётда юқори талаб сақланиб қолмоқда. Бу чакана ва улгуржи савдо ҳажми, кўчмас мулк битимлари ҳамда бюджет харажатлари орқали намоён бўлмоқда. Бундай фаоллик саноат, хизматлар ва қурилиш соҳаларида ўсишни қўллаб-қувватламоқда.

Шу билан бирга, ишлаб чиқарувчилар нархларининг ўсиши келгусида истеъмол нархларига ҳам таъсир кўрсатиши мумкинлиги таъкидланди.

Ташқи иқтисодий шароитда геосиёсий кескинликлар, глобал таъминот занжирларидаги узилишлар, энергия ресурслари ва озиқ-овқат нархларининг ошиши эҳтимоли ҳам инфляцияга босим ўтказиши мумкин.

Марказий банк маълум қилишича, қатъий пул-кредит сиёсати инфляцияни ўрта муддатда 5 фоизга тушириш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга қаратилган. Зарур ҳолатда сиёсат янада қатъийлаштирилиши мумкин.

Навбатдаги йиғилиш 2026 йил 29 апрель кунига белгиланган.

Теглар

Мавзуга оид