Автомобилни жарима майдончасидан олиб чиқиш тартиби тўлиқ рақамлаштирилди

Бугун 16:311 дақиқа

Энди ҳайдовчилар автомобилларини жарима майдончасидан олиб чиқиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали электрон рўхсатномани расмийлаштириши мумкин бўлади.

Автомобилни жарима майдончасидан олиб чиқиш тартиби тўлиқ рақамлаштирилди © Foto: Tergov.uz

Янги тартибга кўра, автомототранспорт воситаларини жарима майдончасидан олиб чиқиш учун электрон мурожаат қилиш имконияти яратилди. Қарор ҳайдовчилар учун қулайликларни оширишга қаратилган бўлиб, ортиқча қоғозбозликни камайтиришни назарда тутади.

Хизматни Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари кўрсатади.

Фуқаролар мурожаатни уч хил усул орқали юбориши мумкин:

Ягона интерактив давлат хизматлари портали;

ЙҲХХ мобил иловаси;

Давлат хизматлари марказлари орқали.

Онлайн тарзда мурожаат қилиш учун фуқаро махсус электрон сўровномани тўлдириши лозим. Киритилган маълумотлар автоматлаштирилган тизим орқали текширилади. Бу жараён инсон омилини камайтириб, қарор қабул қилишни тезлаштиради.

Ваколатли орган мурожаатни кўриб чиқишда транспорт воситасини жарима майдончасига жойлаштиришга сабаб бўлган ҳолатлар бартараф этилган-этилмаганини текширади. Шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича иш юзасидан қонуний якуний қарор қабул қилингани ҳам ўрганилади.

Бир иш куни ичида жарима майдончасидан автомобилни олиб чиқиш мумкин

Агар барча талаблар бажарилган бўлса, мурожаатчига бир иш куни ичида автомобилни олиб чиқиш мумкинлиги ҳақида электрон хабарнома юборилади. Мазкур тизим жараённи сезиларли даражада соддалаштириб, вақт сарфини қисқартириши кутилмоқда.

Аввалроқ мазкур ташаббус Ички ишлар вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди. Унда электрон рўхсатномани бепул тақдим этиш таклифи ҳам илгари сурилган.

Теглар

Мавзуга оид