Ахлоқ нормаларига зид бўлган видеолавҳалар жойлаштирилган косметолог-блогер жазоланди

23.02.2026 | 12:021 дақиқа

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеолавҳалар жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.

Ахлоқ нормаларига зид бўлган видеолавҳалар жойлаштирилган косметолог-блогер жазоланди

Рақобат қўмитаси ижтимоий тармоқларда косметолог сифатида танилган шахс фаолияти юзасидан маъмурий иш қўзғатди. Идора маълумотига кўра, блог саҳифаларида миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган образ ва иборалардан фойдаланилган видеолавҳалар жойлаштирилган.

Қўмита ўрганишлари давомида Instagram ва Telegram орқали тарқатилган контент жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлгани аниқланган. Мазкур материалларда реклама мазмуни ҳам мавжуд экани қайд этилган.

Натижада саҳифа юритувчиси Х.К бўйича қонун бузилиши ҳолати юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, иш суд органларига юборилган.

Қўмита огоҳлантиришича, агар мазкур ҳолат маъмурий жавобгарлик чораси қўлланганидан кейин ҳам такрорланса, материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилади ва ҳолатга қўшимча ҳуқуқий баҳо берилади.

Идора эслатишича, «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддасига мувофиқ, рекламада миллий ва оилавий анъаналарга ҳамда ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид шакл, ибора ва образлардан фойдаланиш тақиқланади.

Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда реклама ва шахсий контент учун қонун талабларига риоя этиш масаласини яна бир бор кун тартибига олиб чиқди.

Теглар

Мавзуга оид