«Биз қасос оламиз»: Мужтаба Хоманаий илк бор халққа мурожаат билан чиқди

Кеча 21:342 дақиқа

Эроннинг янги олий раҳбари минтақадаги қўшни давлатларни республика уларнинг ҳудудига зарба бермаслиги учун Америка ҳарбий базаларини ёпишга чақирди.

«Биз қасос оламиз»: Мужтаба Хоманаий илк бор халққа мурожаат билан чиқди

Эроннинг янги олий раҳбари Мужтаба Хоманаий халққа биринчи мурожаатини эълон қилди. Ҳужжат «Тасним» агентлиги томонидан тарқатилди ва Эрон телевидениясида ўқиб эшиттирилди, бироқ унинг ўзи кадрда кўринмади. Хоманаий ўз тайинлови ҳақида бошқа эронликлар билан бир вақтда — Экспертлар кенгашидаги овоз бериш жараёнининг телетрансляцияси орқали билганини айтди. Мурожаатнинг марказий мавзуси уруш бўлди.

Қуйида мурожаатнинг қисқача мазмуни келтирамиз.

Биз шаҳидларимиз қони учун қасос оламиз. Ҳар бир ўлдирилган эронлик учун қасос олинади. Токи бу ишни охирига етказмагунимизча, у устувор вазифа бўлиб қолади — айниқса, Минабдаги мактабда бўлгани каби фарзандларимизнинг қони туфайли чекаётган азобимизни ҳисобга олсак. Биз душманлардан товон талаб қиламиз, агар улар рад этишса, уларнинг мулкларини — қанча керак деб ҳисобласак, шунча миқдорда қўлга киритамиз. Ёки уларга худди шундай зарар етказамиз.

Мен жасур жангчиларимизга миннатдорлик билдираман, улар улкан ишларни амалга оширишмоқда. Бизни Яман ва Ироқдаги қаршилик ҳаракатлари қўллаб-қувватламоқда. Биз қўшнилар билан дўстликка ишонамиз ва фақат Америка базаларини нишонга оламиз. Биз бу ҳаракатларни давом эттиришга мажбурмиз. АҚШнинг барча базалари ёпилиши керак — акс ҳолда биз уларга ҳужум қиламиз. Ҳўрмуз бўғози душманларимизга босим ўтказиш учун блокланган ҳолатда қолади.

Нутқнинг ички сиёсий қисмида олий раҳбар халқнинг ролига урғу берди: унинг айтишича, айнан эронликлар мамлакат олий раҳбарсиз қолган кунларда давлатни бошқарган. У бирликка, ўзаро ёрдамга ва жамият ҳаётида фаол иштирок этишга чақирди.

Мужтаба Хоманаий Эроннинг учинчи олий раҳбари бўлди. Экспертлар кенгаши уни отаси, оятуллоҳ Али Хоманаийнинг вафотидан бир неча кун ўтиб сайлади. Трамп сайловдан сал аввал «Axios»га берган интервюсида Мужтабани «енгил вазнли» (тажрибасиз) деб атаган ва мар=ум оятуллоҳ сиёсатини давом эттирадиган номзодни қабул қилмаслиги билан таҳдид қилган эди.

Теглар

Мавзуга оид